Logo

АҚШ визани тезлаштириш учун 750 долларлик хизмат жорий этмоқда

Bugun 11:551 daqiqa

АҚШ Давлат департаменти бизнес ва сайёҳлик визалари учун қўшимча ҳақ эвазига суҳбат муддатини тезлаштирувчи янги дастурни синовдан ўтказади.

АҚШ визани тезлаштириш учун 750 долларлик хизмат жорий этмоқда © Especial

АҚШ Давлат департаменти хорижликлар учун бизнес ва сайёҳлик визаларини олиш жараёнини тезлаштириш мақсадида янги «премиум» хизматни ишга туширишни режалаштирмоқда.

Унга кўра, ариза берувчилар стандарт виза йиғимидан ташқари қўшимча 750 доллар тўлаб, суҳбат санасини тезроқ белгилаш имкониятига эга бўлади.

«Associated Press» агентлигининг маълум қилишича, янги пилот дастур 2026 йил 1 июлдан 31 декабргача амал қилади.

Ушбу хизматдан фойдаланган шахслар АҚШнинг танланган элчихона ва консулликларида тўлов қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида суҳбат вақтини белгилаши мумкин бўлади.

Виза кафолатланмайди

Ҳозирда АҚШ сайёҳлик ва бизнес визаси учун мажбурий консуллик йиғими 185 долларни ташкил қилади. Янги хизмат эса бу харажатни қарийб беш бараварга оширади.

Таъкидланишича, ушбу тўлов виза олишни кафолатламайди.

Нашрнинг маълум қилишича, тезлаштирилган хизмат кўрсатиладиган элчихона ва консулликлар рўйхати 1 июлга қадар эълон қилинади.

Лойиҳа синов тариқасида ишга туширилади ва талаб юқори бўлган тақдирда унинг амал қилиш муддати узайтирилиши мумкин.

Трамп сиёсати ортидан навбатлар кўпайган

Сўнгги вақтларда Трамп маъмурияти томонидан миграция сиёсати кучайтирилиши ортидан визаларни расмийлаштириш жараёни анча мураккаблашган.

Айрим мамлакатлар фуқаролари учун қўшимча текширувлар жорий этилган, ариза берувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти ҳам ўрганилмоқда. Бу эса кўплаб давлатларда интервю навбатларининг бир неча ойгача чўзилишига сабаб бўлган.

Teglar

Mavzuga oid

АҚШ визани тезлаштириш учун 750 долларлик хизмат жорий этмоқда | Vaqt.uz