add

АҚШда ўзбекистонликлар учун маҳалла гузари барпо этилади

Бу ҳақда Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

АҚШда ўзбекистонликлар учун маҳалла гузари барпо этилади

Шавкат Мирзиёев 2026 йилда АҚШ ҳудудида ўзбекистонликлар учун махсус маҳалла гузари ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Лойиҳа Ню-Ёрк ёки Вашингтон шаҳарларидан бирида амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Президент ушбу ғояни АҚШдаги ватандошлар билан учрашувлар чоғида илгари сурган. Унинг таъкидлашича, маҳалла гузари хорижда яшаётган ўзбекистонликлар учун умумий макон бўлиб, уларда ғурур ва ифтихор туйғусини кучайтиради. Лойиҳани амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сиддиқов зиммасига юклатилди.

Давлат раҳбари тадбиркорларни жалб қилган ҳолда, шериклик асосида пухта ва амалий лойиҳа ишлаб чиқишни топширди. Маҳалла гузарида Ўзбекистон давлат байроғини ўрнатиш, миллий ошхоналар ва чойхоналарни ташкил этиш режалаштирилган. Бу объект нафақат маданий, балки ижтимоий мулоқот марказига айланиши кўзда тутилмоқда.

Элчи Фурқат Сиддиқов ўз нутқида 2018 йил Ўзбекистон—АҚШ муносабатларида муҳим бурилиш бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги олий даражадаги мулоқотлар ҳамкорликни янги, тизимли босқичга олиб чиққан. Бугунги кунда АҚШ раҳбарияти, Оқ уй ва Конгресс билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилган.

Йиғилишда иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган 14 турдаги янги маҳсулотни АҚШ бозорига олиб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, 100 та тўқимачилик корхонаси учун WRAP сертификатини олиш мақсад қилинган. АҚШнинг IT соҳаси вакиллари ҳам Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдириб, IT парклар билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган.

Teglar

Mavzuga oid