Асилбек Худаяров: «Соғлиқни сақлашда 247 млрд сўмлик бюжет маблағлари тежаб қолинди»

21.02.2026 | 17:512 daqiqa

Соғлиқни сақлаш вазири тизимда коррупцияга қарши «фавқулодда ҳолат» эълон қилиб, аҳоли ва тиббиёт ходимларига мурожаат билан чиқди.

Асилбек Худаяров: «Соғлиқни сақлашда 247 млрд сўмлик бюжет маблағлари тежаб қолинди» © Асилбек Худаяров

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияга қарши чоралар натижасида 247 млрд сўм бюджет маблағи тежаб қолинди ва жиноятчилик 5,6 фоизга камайди. Бу ҳақда соҳа ходимлари ва аҳолига йўллаган мурожаатида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров маълум қилди.

Вазир таъкидлашича, Президентнинг 2025 йил 26 декабрдаги Мурожаатномасидан келиб чиқиб, 2026 йил коррупцияга қарши курашда фавқулодда чоралар йили сифатида белгиланган. Шу асосда тизимда очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, рискларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш бўйича янги механизмлар ишга туширилган.

Жумладан, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишини олдини олиш учун «Ситуатсион марказ» ташкил этилди. Натижада 247 млрд сўм тежалди, 9,7 млрд сўм ортиқча режалаштиришнинг олди олинди ва манфаатлар тўқнашувига доир 1280 та риск бартараф этилди.

Вазирлик қошида 24 соат ишлайдиган «1203» қисқа рақамли Cалл-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, «Сирли мижоз» институти жорий қилиниб, тиббиёт муассасаларида қонунчиликка риоя этилиши ва муомала маданияти баҳоланмоқда.

Тошкент давлат тиббиёт университети ва бошқа таълим муассасаларида «Тиббиётда коррупциянинг олдини олиш» фанини ўқитиш йўлга қўйилиб, 2 700 нафар бакалавр, 870 нафар магистр, 1856 нафар шифокор ҳамда 13 804 нафар ўрта тиббиёт ходими ўқитилган.

Бундан ташқари, халқаро «CЕRТ International» ташкилоти вазирликка ISO 37001:2016 стандарти бўйича мувофиқлик сертификати берди. DMED тизими жорий қилиниб, бешта ваколатли идора ўртасида тезкор ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.

Вазир тиббиёт ходимлари ва фуқароларни коррупция ҳолатлари ҳақида «1203» ишонч телефони ёки info@ssv.uz орқали хабар беришга чақирди.

«Мурожаатлар махфийлиги кафолатланади ва улар вазирлик томонидан тезкор ўрганилиб, зарур чоралар кўрилиши таъминланади», — дейди вазир.

Teglar

Mavzuga oid