
Авиатор савдо мажмуасида юз берган ёнғин бўйича жиноий иш очилди
Тошкентдаги савдо марказида содир бўлган ёнғин оқибатида 3 яшар қизча ҳалок бўлган эди.

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган Авиатор савдо мажмуасида содир бўлган йирик ёнғин ҳолати юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
Маълум қилинишича, иш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192−11-моддаси — нодавлат тижорат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ваколатларни суиистеъмол қилиш ҳамда 259-моддаси — ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича очилган.
Ёнғин 31 январ куни тушдан кейин савдо мажмуасининг иккинчи қаватида юз берган. У ерда Pixel номли болалар майдончаси ҳамда бир қатор овқатланиш шохобчалари жойлашган бўлган.
Фожиа оқибатида вайроналар остида 2023 йилда туғилган, 2 ёш 7 ойлик қизчанинг жасади топилган. Тахминан 800 квадрат метр майдон ёнғиндан зарар кўрган. Ёнғинни ўчиришга 12 та асосий ва 4 та махсус техника ҳамда 6 та сув ташувчи техника жалб этилган.
Дастлабки текширувлар натижасига кўра, ёнғин пайтида иккинчи қаватда ўрнатилган ёнғин сигнализацияси ва автоматик сув пуркагич тизимлари ишламаган. Шунингдек, зинапоя орқали мўлжалланган ёнғин чиқиш жойи ёпиқ ҳолатда бўлган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





