Logo

Автомобил бозори ўзгармоқда: Chevrolet сотуви илк марта 80 фоиздан пасайди

Bugun 18:002 daqiqa

2026 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонда автомобил савдоси 7,7 фоизга ўсди. Бироқ UzAuto Motors ва Chevrolet’нинг бозордаги улуши қисқаришда давом этмоқда. Аксинча, BYD, KIA ва Haval каби рақобатчилар савдони тез суръатларда оширмоқда.

Автомобил бозори ўзгармоқда: Chevrolet сотуви илк марта 80 фоиздан пасайди

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–май ойларида 146 361 дона автомобил сотуви амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 7,7 фоизга кўпроқ.

2025 йил январь–май ойларида UzAuto Motors’нинг бозорда сотилган автомобиллардаги улуши 55,9 фоизни ташкил қилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 47,1 фоизгача пасайди.

Яъни бозорда UzAuto Motors ҳукмронлиги секин-аста йўқолиб бормоқда. Бироқ, яққол етакчилик ҳали ҳам сақланиб турибди.

2026 йилдан бошлаб UzAuto Motors фойдаси пасайишни ҳам бошлаган. Компания соф фойдаси уч ой ичида 648,3 млрд сўмни ташкил қилди. Бу 2025 йилнинг мос давридаги фойда — 771,9 млрд сўмдан 16 фоизга камроқ.

Бундан ташқари, Chevrolet бренди остида сотилган автомобиллари улуши сўнгги бир йилда 82,3 фоиздан 78,4 фоизгача камайди. Chevrolet брендининг сотуви 80 фоиздан пасайиши Ўзбекистонда биринчи марта содир бўлди.

Cobalt ҳамон энг кўп сотилган автомобил модели сифатида ўз ўрнини сақлаб турибди. Шунга қарамай, сотувлар ўтган йилга нисбатан 35,4 фоизга камайиб, 35 245 донани ташкил қилди.

1

Damas сотуви 32,3 фоизга ўсиб, қарийб 30 мингтага етган бўлса, Onix сотуви 132 фоизга кескин кўпайди ва 16,5 мингтага етди.

Onix ва Damas моделлари сотуви сезиларли ошишига автоконцерн ва банклар ўртасидаги шартномага асосан фоизсиз автокредитлар тақдим қилинаётгани туртки бўлмоқда.

Бошқа брендлар сотуви ўсмоқда

Chevrolet брендидаги автомобиллар сотуви пасайиб бораётган бўлса, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бошқа брендлар сотуви ўсишда давом этмоқда.

Жумладан, сўнгги бир йилда BYD сотуви 74,3 фоизлик ўсиш қайд этди ва 7 859 донадан 13 700 донагача кўпайди. Бунда энг оммабоп моделлар Song Plus, Yuan Up ва Chazor Champion бўлиб турибди.

BYD бозор улуши бўйича ҳам сезиларли ўсишни кўрсатди — 5,8 фоиздан 9,4 фоизга. Компания гибрид ва электр автотранспорт воситалари билан қўшимча ўйинчи эмас, бозорни шакллантираётган брендга айланмоқда.

Бундан ташқари, KIA сотуви 7,8 фоизга ўсиб, 9 945 тага, Haval сотуви 26,9 фоизга ўсиб, 3 580 тага, Chery сотуви 9,2 фоизга ўсиб, 3 795 тага етди. Бу уччала бренд ҳам бозордаги улушини ошириб бормоқда.

Қайси моделлар оммалашмоқда?

Моделлар сотуви бўйича дона ҳисобида Onix (+9,4 минг), Damas (+7,3 минг) ва Tracker (+3,5 минг) сезиларли ўсиш қайд этди.

Энг тез ўсган моделлар эса Yuan Up (+148,9 фоиз), Onix (+132,1 фоиз), Song Plus (+87,2 фоиз) ҳамда Chazor Champion (+79,5 фоиз) бўлди. Бу рўйхатда BYD моделларининг барчаси гибрид автомобиллар ҳисобланади.

Сотуви энг кўп тушган моделлар орасида, юқорида қайд этилганидек, Cobalt 35,4 фоизлик пасайиш билан энг ёмон натижани кўрсатди. Arrizo 6 Pro (-19,9 фоиз) ва Sportage (-19,4 фоиз) моделларида ҳам сезиларли пасайиш кузатилди.

Teglar

Mavzuga oid