Logo

Азизбек Тоштемиров ҳақидаги маълумотлар «Интерпол»нинг очиқ рўйхатидан олиб ташланди

Kecha 22:402 daqiqa

Халқаро қидирувга берилган Миграция агентлигининг собиқ мулозими яқинда агентликнинг амалдаги ва собиқ раҳбарларини йирик коррупция, товламачилик ҳамда давлат маблағларини талон-торож қилишда айблаб чиққан эди.

Азизбек Тоштемиров ҳақидаги маълумотлар «Интерпол»нинг очиқ рўйхатидан олиб ташланди

Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азизбек Тоштемировнинг маълумотлари «Интерпол»нинг қизил рўйхатида кўринмай қолди. Унинг халқаро қидирувдаги шахслар рўйхатидан чиқарилгани ҳақида ҳозирча расмий ахборот берилмаган.

Собиқ мулозимнинг исм-шарифи фақат омма учун очиқ саҳифадан олиб ташланган, аммо «Интерпол»нинг ички полиция базасида ҳамон сақланаётган бўлиши мумкин.

Қидирув ва ўзаро айбловлар тарихи

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг март ойида турли қонунбузарликлар учун ишдан бўшатилган Азизбек Тоштемиров жорий йилнинг май ойида фирибгарликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган эди. Бунга қадар Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ қарийб 90 миллион доллардан зиёд миқдордаги йирик коррупцион ҳолатлар фош қилингани ҳақида хабар берган.

Халқаро қидирувга берилганидан кейин Тоштемиров ўзининг «Корея24 соат» канали орқали баёнотлар эълон қилиб, ўзига қўйилган айбловларни рад этган ҳамда Миграция агентлигининг собиқ ва амалдаги раҳбарларига нисбатан жиддий иддаоларни илгари сурган эди. Хусусан, у агентлик раҳбариятини тизимдаги кўзбўямачиликлар, сунъий навбатлар яратиш, сохта имтиҳонлар, товламачилик ҳамда қўл остидагилардан қимматбаҳо маҳсулотлар ва автомобил талаб қилишда айблаган.

Маълум қилинишича, Тоштемировнинг ушбу иддаолари юзасидан Миграция агентлигига қатор сўровлар юборилган бўлса-да, қонунда белгиланган муддатлар ўтиб кетганига қарамасдан, ҳозирга қадар расмий жавоб берилмаган.

Teglar

Mavzuga oid