Банкларни санация қилишда баҳолаш тартиби белгиланди
Ўзбекистонда банкларни санация қилиш жараёнида активлар қийматини баҳолаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиби белгиланди.
© Vaqt.uzМарказий банк бошқарувининг 2026-йил 14-августдаги қарори билан банкларни санация қилишда баҳолаш ўтказиш тартиби тасдиқланди. 22/9-сон қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Низом банкни санация қилиш жараёнида баҳолашни ташкил этиш ва ўтказишнинг аниқ қоидаларини белгилайди. Унда баҳолашнинг холислиги ва мустақиллигини таъминлашга алоҳида талаблар қўйилган.
Жумладан:
— баҳоловчи ташкилотларни танлаш ва тайинлаш мезонлари, шунингдек, уларнинг мустақиллиги, малакаси ва тажрибасига қўйиладиган талаблар;
— баҳолаш жараёнида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш механизмлари;
— акциядорлар ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида санация натижасида олинган қийматни банк мажбурий тугатилган тақдирда олиниши мумкин бўлган қиймат билан қиёслаш асосида баҳолаш;
— баҳолаш натижаларини расмийлаштириш, баҳолаш ҳисоботини тайёрлаш ва унинг қисқача мазмунини эълон қилиш тартиби белгиланди.
Санация нима?
Санация — молиявий қийинчиликка дуч келган банкни банкрот бўлиш ёки мажбурий тугатилишдан сақлаб қолиш ва унинг молиявий ҳолатини тиклаш жараёни.
Бунда банкнинг молиявий ҳолати яхшиланиши учун капиталини ошириш, қарз ва мажбуриятларини қайта тартибга солиш, инвестор жалб қилиш ёки бошқа молиявий чоралар кўрилиши мумкин. Оддий қилиб айтганда, санация — муаммога дуч келган банкни ёпиб юбормасдан, уни қайта тиклаш чоралари.
Янги Низом айнан шу жараёнда мустақил баҳолаш механизмларини кучайтиришни назарда тутади.
Ҳужжат баҳолашнинг шаффофлигини ошириш билан бирга, акциядорлар ва кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.





