Бир миллиард инсон уй-жойсиз қолиши мумкин
Дунё аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисми яқин беш йил ичида бошпанасиз ёки ерсиз қолишдан хавотирда.

Ер ҳуқуқларини мустаҳкамлаш соҳасидаги глобал тараққиётга қарамай, дунё бўйлаб бир миллиарддан ортиқ инсон — деярли ҳар тўртинчи катта ёшли киши — келаси беш йил ичида ўз ерининг бир қисми ёки бутун ери, шунингдек уй-жойига бўлган ҳуқуқларидан маҳрум бўлишидан хавотирда. Бу ҳақда БМТ кўмагида тайёрланган ҳисоботда айтилган.
Ҳисоботга кўра, бу соҳада кўплаб муаммолар сақланиб қолмоқда. ҳозирги вақтда дунёдаги ерларнинг фақат 35 фоизига нисбатан мулк, эгалик ёки фойдаланиш ҳуқуқлари расман ҳужжатлаштирилган.
«Давлатлар дунёдаги ерларнинг 64 фоизидан ортиғига юридик мулк ҳуқуқига эга, шу билан бирга бу улушга анъанавий фойдаланишда бўлган, муайян эгалик ҳуқуқлари мавжуд, аммо ҳужжат билан тасдиқланган мулкчиликка эга бўлмаган ерлар ҳам киради.
Жами ерларнинг чорак қисмидан кўпроғи хусусий мулк тоифасига киради — улар жисмоний шахслар, алоҳида гуруҳлар ёки компаниялар тасарруфидадир.
Хусусан, жаҳон қуруқлик ҳудудининг тахминан 18 фоизи ёки 2,4 миллиард гектар ер хусусий шахслар ва корпорацияларга тегишли. Агар қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олсак — бу дунёдаги барча қуруқлик майдонининг тахминан 37 фоизини ташкил этади — энг йирик ер эгалари бўлган 10 фоиз субъект барча ишлов берилаётган ерларнинг деярли 90 фоизини ўзлаштирган», — дейилади ҳисоботда.
Ерларнинг 10 фоизига нисбатан эгалик мақоми номаълумлигича қолмоқда.
Маълумотлар шуни кўрсатадики, деярли барча мамлакатларда аёлларнинг ерга эгалик қилиш ёки уни ҳимоя қилиш ҳуқуқлари эркакларга қараганда анча заифдир. Бу ҳам турар жой, ҳам қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларга тегишлидир.





