
Bitcoin йиғувчи хорижий компания 17,44 млрд доллар зарар кўрди
Криптовалюта бозоридаги пасайиш «Strategy» компаниясининг Bitcoin захиралари қийматига жиддий таъсир кўрсатгани маълум қилинди.

Bitcoin жамғариш стратегиясига таянган «Strategy» компанияси 2025 йилнинг тўртинчи чорагида рақамли активлар бўйича 17,44 млрд АҚШ доллари миқдорида амалга оширилмаган зарарни қайд этди, дея хабар қилди «Reuters». Бу ҳолат компания криптовалюта захиралари қийматининг пасайиши билан боғлиқ бўлиб, бозордаги кескин тебранишлар молиявий натижаларга таъсир кўрсатганини англатади.
Компания асосчиси ва стратегиянинг асосий ташаббускори Майкл Сейлор томонидан илгари сурилган йўналиш доирасида, «Strategy» Bitcoin’нинг энг йирик корпоратив эгаларидан бири ҳисобланади. Бироқ 2025 йил давомида криптовалюта бозоридаги беқарорлик инвесторлар кайфиятига салбий таъсир кўрсатди ва компания акциялари қиймати тахминан 47,5 фоизга пасайди.
2025 йил 31 декабрда якунланган молиявий йил натижаларига кўра, «Strategy» рақамли активлар бўйича жами 5,40 млрд долларлик амалга оширилмаган зарарни эълон қилди. Декабр ойида эса Bitcoin курси заифлашгани сабабли компания 2025 йил учун даромадлар прогнози қайта кўриб чиқилиб, қисқартирилди.
Сўнгги ҳафталарда крипто бозоридаги юқори даражадаги беқарорлик балансларида Bitcoin ва бошқа токенлар мавжуд бўлган компаниялар учун қўшимча босимни кучайтирди.
2026 йил 4 январ ҳолатига кўра, «Strategy»нинг АҚШ долларидаги нақд захиралари 2,25 миллиард долларни ташкил этди. Компания ушбу ликвид захираларни имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар ҳамда мавжуд қарз мажбуриятлари бўйича фоиз тўловларини ўз вақтида таъминлаш мақсадида сақлаб келмоқда.





