
Боғча қамрови паст бўлган ҳудудларда МТТ ташкил этган тадбиркорларга имтиёзлар берилади
2026 йил 1 апрелдан бошлаб мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда хусусий боғча ташкил этган тадбиркорлик субъектлари учун молиявий, солиқ ва маъмурий имтиёзлар жорий этилади.

Боғча қамрови 80 фоиздан паст бўлган ҳудудларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) МТТ ташкил этган тадбиркорларга имтиёзлар берилади. Бу ҳақда Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этишга рухсат берилади. Бунда ижара тўловлари 30 йил давомида ундирилмайди, белгиланган муддат тугагач, мазкур боғча давлат балансига топширилади.
Субсидия ва унинг миқдори
Давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритувчи боғчаларга ҳар бир бола учун субсидия ажратилади. Унинг миқдори 9 соатлик иш режимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида бир нафар тарбияланувчига сарфланадиган харажатнинг 50 фоизига тенг. Субсидия электрон давомат тизими асосида давлат-хусусий шериклик битими амал қилган бутун давр мобайнида берилади. Мазкур миқдор ҳар йили Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Хусусий боғчалар учун молиявий ёрдам
Қамров паст ҳудудларда давлат таълим муассасаларининг бўш ер майдонларидан ташқари жойларда қуввати камида 150 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этувчи тадбиркорларга ҳам қатор имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, уларга 7 йилгача муддатга 5 миллиард сўмгача кредит ажратилади. Кредит ставкаси йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори этиб белгиланган. Асосий шарт — мактабгача таълим ташкилотини 18 ойгача бўлган муддат ичида қуриб фойдаланишга топширишдир.
Ер ажратиш ва маошларни қоплаш механизми
Бундай боғчалар учун ер участкалари рухсат этилган фойдаланиш турини ўзгартирмаслик шарти билан аукцион орқали ажратилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили 1 апрелга қадар демографик ўсиш, аҳоли жойлашуви ва зичлигини ҳисобга олган ҳолда мақбул ер участкалари рўйхатини эълон қилиб боради. Боғча фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг, тарбиячиларга тўланадиган ойлик иш ҳақи давлат боғчаларида белгиланган миқдорда уч йил давомида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Ҳисоб-китобга кўра, ҳар 30 нафар бола учун бир нафар тарбиячи штат бирлиги ажратилади.
Солиқ имтиёзлари ва уларнинг муддати
Фармонда солиқ имтиёзлари ҳам алоҳида белгиланган. 2030 йил 1 январга қадар ижтимоий солиқ ставкаси нодавлат мактабгача таълим ташкилоти лицензия олгандан кейин уч йил давомида пасайтирилади. Агар ҳудудда қамров 70–80 фоиз оралиғида бўлса, ставка 5 фоиз этиб белгиланади. Қамрови 70 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда эса ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоизни ташкил этади. Бу имтиёзлар амалда фаолият кўрсатаётган нодавлат боғчаларга ҳам татбиқ этилади.
Янги уйлар биринчи қаватидаги боғчалар
Юқорида қайд этилган кредит ва маошларни қоплашга оид имтиёзлар 1 апрелдан бошлаб республика бўйлаб қуриладиган янги кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватида мактабгача таълим ташкилотларини очадиган тадбиркорларга ҳам қўлланади. Шунингдек, 2026 йил 1-апрелдан эътиборан бундай боғчалар учун ижтимоий солиқ ставкаси 2030 йилгача 5 фоиз қилиб белгиланади.
Қамров паст ҳудудлар рўйхати қандай шаклланади?
Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарлар рўйхати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади ва ҳар молиявий йилда янгиланади. Ушбу рўйхат Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси тақдим этган 3–7 ёшли болаларнинг умумий сони ҳақидаги расмий маълумотларга асосланган ҳолда шакллантирилади. Маълумотлар ҳаққонийлиги учун Миллий статистика қўмитаси жавобгар ҳисобланади.





