
Болаларни зўравонликдан ким қутқаради? Янги стратегия тасдиқланди
Ўзбекистонда 2030 йилгача болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди. Энди профессионал тутинган оилалар ташкил этилиб, уларга маош тўланади.

Ўзбекистон Богота ҳаракатлар чақирувига қўшилган ҳамда Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал алянс аъзолигига қабул қилинган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонда келтирилган.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб зўравонлик оқибатида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.
Бунда профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалардаги (кейинги ўринларда – ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар) зўравонлик натижасида олинган руҳий жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишишларни ёки оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатларидаги бузилишларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади.
Зўравонлик оқибатида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади.
Шунингдек, профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади.
Профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади.
Дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади.
жинсий зўравонликдан жабрланганлиги туфайли оиласидан олинган болалар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларига ҳам бошқалардан алоҳида жойлаштирилиши мумкин.





