«Бўлинишнинг олдини олиш учун». Жапаров Ташиевни нега ишдан олганини тушунтирди

10.02.2026 | 20:203 daqiqa

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев билан бирга унинг бир нечта ўринбосарлари ҳам лавозимидан озод қилинди.

«Бўлинишнинг олдини олиш учун». Жапаров Ташиевни нега ишдан олганини тушунтирди © Фото: president.kg

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Қамчибек Ташиевни Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод қилиш бўйича қарорини шарҳлади.

«Бу қадамнинг асосий мақсади давлат бирлигини мустаҳкамлаш ва жамиятда, шу жумладан давлат органлари ўртасида бўлиши мумкин бўлган бўлинишларни олдини олишдир», – деган Садир Жапаров.

Президентнинг сўзларига кўра, мазкур қарор «давлат манфаатлари учун» қабул қилинган ва барқарор ҳамда мувофиқ сиёсий муҳитни яратишга қаратилган.

Президент матбуот котиби Аскат Алагозовнинг маълум қилишича, жамиятда бўлиши мумкин бўлган бўлинишларни олдини олиш ҳақида гап Ташиевга тегишли эмас.

«Президент ўз баёнотига қўшимча қилиб шундай деди: Бекболот Талгарбеков, Эмилбек Узакбаев ва бошқалар Қамчибек Ташиев номидан фойдаланиб, Жогорку Кенеш депутатларига, жамоат арбобларига ва интеллигенция вакилларига қўнғироқ қилиб турли ҳаракатларга ундаган.

Генерал томонга ўтинг, буни имзоланг, шундай қилалайлик, дейишган. Шундай қилиб, улар ўз ҳаракатлари билан жамиятда, жумладан давлат структураларида масъулиятли лавозимлардаги шахслар орасида салбий вазият пайдо бўлиши учун шароит яратган», – деган Садир Жапаров.

У ўз баёнотида, Қамчибек Ташиевни лавозимдан озод қилиш ҳақидаги дастлабки баёнот баъзи шахслар томонидан нотўғри тушунилган ёки бўрттирилганини қўшимча қилди.

Ташиевнинг ўринбосарлари ҳам ишдан олинди

Қирғизистон президенти маъмуриятининг маълум қилишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидаги ишдан олишлар Ташиев билан тугамаган. Раҳбарининг бир қатор ўринбосарлари лавозимларидан озод қилинди. Булар:

Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Қурванбек Авазов;

Қўмита раиси ўринбосари – Киберхавфсизликни таъминлаш бўйича мувофиқлаштириш маркази директори Даниэл Рисалиев;

Қўмита раиси ўринбосари Элизар Сманов.

Шунингдек, Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби Рустам Мамасаддиқов ва Чуй вилояти Кемин тумани хокими Кутпидин Шакиров ҳам лавозимидан озод қилинди.

Ташиевнинг ўрнига Жумгалбек Шабданбеков Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи қилиб, Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан олинган Рустам Мамасаддиқов эса Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи раиси ўринбосари этиб тайинланди.

Ташиев қаерда?

Одатда ОАВда тез-тез кўриниб турадиган Қамчибек Ташиев ўз истеъфоси бўйича ҳозирча бирон бир баёнот бермади. «Азаттык» Қирғизистоннинг Европа мамлакатларидаги дипломатик муассасаларидан бирига таяниб, Ташиев Германияда даволанаётгани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, у Мюнхендаги клиникалардан бирида даволанмоқда.

Бундан аввал бир қатор ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Қамчибек Ташиев мамлакатдан ташқарида бўлган пайтда уни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан олиб ташлангани ҳақида маълумот тарқалган эди.

Президент сайлови яқинми?

«24.кг»нинг ёзишича, Шу куни президент Садир Жапаров ва Жогорку Кенгеш спикери Нурланбек Тургунабек уулуга мамлакат президенти сайловини зудлик билан ташкил этишни сўраб коллектив мурожаат йўналтирилгани маълум бўлган. Ҳужжатга олимлар, собиқ вазирлар, собиқ депутатлар ва жамоат арбоблари – жами 75 киши имзо чеккан.

Жамоат арбоби Бекболот Талгарбеков «Азаттык»га маълум қилишига қараганда, у ушбу ташаббуснинг асосий иштирокчиларидан бири. Унинг фикрича, президент ваколат муддати тугаган ёки тугамаганлиги бўйича баҳслар беқарорликка олиб келади ва бошқа сиёсий кучлар будан фойдаланиши мумкин. Шу боис, ҳукумат раҳбарлари ташаббусни ўз қўлларига олиши ва сайловларни июн–июл ойларига тайинлаши керак.

Бугун, 10 феврал куни Қирғизистон президенти томонидан Камчибек Ташиевнинг Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидаги ваколатлари муддатидан олдин тўхтатилиши тўғрисида фармон эълон қилинди.

Teglar

Mavzuga oid