BRICS етакчилари Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда
07.07.2025 | 11:403 daqiqa
BRICS саммитида қатнашган мамлакатлар етакчилари Ғазо секторида зудлик билан барқарор ва шартсиз ўт очишни тўхтатишга чақирар экан, Исроил қўшинларини барча босиб олинган Фаластин ҳудудларидан тўлиқ олиб чиқишни талаб қилди.

Бразилияда ўтган BRICS саммитининг якуний декларациясида BRICS аъзолари Ғазо сектори Фаластин давлатининг ажралмас қисми эканини алоҳида таъкидлашди. Улар Фаластин халқининг ўз мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашди.
Шунингдек, BRICS етакчилари Фаластин анклавига гуманитар ёрдам етказишни таъминлаш муҳимлигини қайд этишди.
Декларацияда исроиллик гаровга олинганлар ва фаластинлик асирларни тез фурсатда озод қилишга чақириқ ҳам ўрин олган.
BRICS Фаластин давлат маъмурияти Ғазо сектори ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини бошқариши кераклигини таъкидлади.
Саммитда BRICS аъзолари Суриянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашларини билдириб, Эрон ҳудудида амалга оширилган зарбаларни кескин қоралади.
BRICS ташкилоти Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка томонидан ташкил этилган бўлиб, жаҳон иқтисодиётида муҳим ўринга эга. Рио-де-Жанейрода ўтган саммит икки кун давом этди. Россия делегациясига Сергей Лавров раҳбарлик қилди, Президент Владимир Путин эса видеоконференция орқали иштирок этди.
Хитой Си Жинпин ўрнига саммитга Бош вазир Ли Цянни юборди. Саммитда BRICS аъзолари, Саудия Арабистони, 10 та ҳамкор давлат, 8 та таклиф этилган давлат ва 9 та халқаро ташкилот иштирок этди. Таклиф этилган давлатлар қаторида Туркия, Озарбайжон, Фаластин ва бошқа мамлакатлар ҳам бор эди.





