add

«Бу жиноят мени даҳшатга солди»: Путин Имомали Раҳмонга ваъда берди

Kecha 20:403233 daqiqa

Путин Тожикистон президенти билан юзма-юз учрашувда ҳалок бўлган Қобилжоннинг оиласига ҳамдардлик билдирди.


Владимир Путин Подмосковедаги мактаблардан бирида ўн ёшли Қобилжон Алиевнинг ўлдирилиши муносабати билан Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга ҳамдардлик билдирди.

«Икки томонлама учрашувимизни сизга ва бир неча кун олдин ҳалок бўлган тожикистонлик боланинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик сўзлари билан бошламоқчиман. Болаларга нисбатан теракт содир этилиши – жирканч жиноятдир. Шак-шубҳасиз, тергов охирига етказилади ва айбдорлар, агар улар бир неча киши бўлса, албатта, тўлиқ жазога тортилади. Яна бир бор такрорлайман: бу жиноят мени даҳшатга солди. Юқорида айтганимдек, бу каби жиноятлар умуман тушуниш чегарасидан чиқади, агар бундай терактлар болаларга нисбатан содир этилса, бу бошқача ҳис-туйғуларни уйғотади. Ҳалок бўлган боланинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик сўзларини етказишингизни сўрайман», - деди Россия президенти Петербургда ўтаётган МДҲнинг норасмий саммити доирасида Имомали Раҳмон билан икки томонлама учрашувда.

Воқеа тафсилотлари

16 декабр куни Москва областининг Одинцово округи, Горки-2 посёлкасидаги Успен мактабида содир бўлган қуролли ҳужум оқибатида 10 ёшли тожикистонлик мактаб ўқувчиси Қобилжон Алиев ҳалок бўлди. Россия Тергов қўмитаси ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган ушбу фожиа миллатчилик ва ксенофобия заминида юз бергани тахмин қилинмоқда.

Воқеа содир бўлган куни эрталаб юқори синф ўқувчиси, 15 ёшли Тимофей К. пичоқ ва газ баллонча билан қуролланган ҳолда мактабга келган. Тарқалган видеотасвирларда босқинчи болалардан уларнинг миллатини сўрагани, сўнгра қўриқчининг юзига газ сепиб, бошқа ўқувчиларга ташлангани акс этган. Олинган оғир жароҳатлар туфайли 4-синф ўқувчиси Қобилжон Алиев воқеа жойида вафот этган.

Маълум бўлишича, ҳужум қилган ўсмир жиноятга олдиндан тайёргарлик кўрган. У дастлаб математика ўқитувчисини ўлдирмоқчи бўлган, бироқ уни топмагач, бошқаларга ҳужум қилган. Қотилликдан сўнг ўсмир синф хоналаридан бирига беркиниб олган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган.

Қотиллик содир қилган ўсмирнинг телефонидан ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати ва воқеа жойидаги селфилар топилган. Шунингдек, у экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскадаги «Sygaown» ёзуви 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.

Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ҳужумчи воқеадан бироз аввал тенгдошларига ўз манифестини юборган бўлиб, унда турли миллат ва дин вакилларига нисбатан нафратини ифода этган.

Марҳум Қобилжоннинг онаси ушбу мактабда фаррош бўлиб ишлаган. Турмуш ўртоғи вафотидан кейин у икки фарзандини ёлғиз тарбиялаётган эди. Боланинг жасади дафн этиш учун Тожикистонга юборилди ва у ерда отасининг ёнига қўйилди.

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси Россия ТИВга расмий нота юборди ва тергов адолатли ўтишини талаб қилмоқда. Ҳозирда Россия Тергов қўмитаси томонидан қотиллик ва қотилликка суиқасд моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳужумчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган.

Teglar

Mavzuga oid