Logo

Бухоро шаҳрининг бош режаси тасдиқланди

Bugun 15:552 daqiqa

2043-йилгача Бухоро шаҳри ҳудуди қарийб 1,5 баробар кенгаяди, уй-жой фонди икки бараварга яқин ошади. Тарихий марказдаги ҳар қандай ўзгариш эса UNESCO билан келишилади.

Бухоро шаҳрининг бош режаси тасдиқланди

Бухоро шаҳрининг 2043-йилгача мўлжалланган бош режаси Вазирлар Маҳкамасининг 23-июлдаги 402-сон қарори билан тасдиқланди. Ҳужжатга кўра, шаҳар ҳудуди 7 966 гектардан 11 847 гектаргача кенгайтирилади. Шу билан бирга, аҳоли сони 289,2 минг нафардан 385 минг нафаргача оширилиши режалаштирилган.

Бош режа Президентнинг 2023-йил 11-сентябрдаги ПҚ-299-сон қарори асосида «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» томонидан ишлаб чиқилган ва Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишилган.

Энди Бухоро вилояти ҳокимлиги икки ой муддатда уни амалга ошириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

2043-йилга бориб шаҳардаги уй-жой фонди 4,46 млн квадрат метрдан 8,09 млн квадрат метргача оширилади. Натижада аҳоли жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони 15,4 квадрат метрдан 21 квадрат метргача етади. Бунда кўп қаватли уй-жойлар қурилиши устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Янги инфратузилма режаси


Бош режада ижтимоий инфратузилмани кенгайтириш учун аниқ кўрсаткичлар белгиланган. Жумладан, мактабгача таълим муассасалари қуввати 22 330 ўринга, умумтаълим мактаблари 53 130 ўринга, шифохоналар 9 552 ўринга етказилади. Поликлиникалар эса бир сменада 15 780 нафарга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, 16 600 ўринли меҳмонхоналар, савдо, умумий овқатланиш, маданият, кино ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини кенгайтириш режалаштирилган.

Транспорт тизими ҳам модернизация қилинади. Магистраль кўчалар узунлиги 102,6 километрдан 203 километргача оширилади. Жамоат транспорти орқали йилига 163,8 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш мақсад қилинган.

Муҳандислик тармоқларида ичимлик суви, оқова сув, электр, газ ва чиқиндиларни қайта ишлаш қувватлари ҳам аҳоли ўсишига мос равишда кенгайтирилади.

UNESCO талаби устувор


Бош режада Бухоронинг тарихий меросини сақлаш алоҳида устувор вазифа сифатида белгиланган. Тарихий ҳудудлардаги реконструкция ишлари фақат қонунчилик талаблари асосида амалга оширилади ва маданий мерос объектларининг муҳофаза зоналарига қатъий риоя қилинади.

Шунингдек, Бухоро вилояти ҳокимлиги Маданий мерос агентлиги билан биргаликда бош режа ва унга киритиладиган барча ўзгартишларни UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссия орқали Умумжаҳон мероси маркази билан келишиб боради.

Тарихий марказ қиёфасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай лойиҳа аввал UNESCO билан мувофиқлаштирилади.

Қарорга мувофиқ, бош режага зид равишда ер участкаларини ажратиш ёки рекреация ва кўкаламзор ҳудудларда бошқа мақсадларда қурилиш олиб боришга йўл қўйилмайди.

Teglar

Mavzuga oid