Logo

Бухородаги туризм маркази битса, маҳаллий бюджетга тушадиган йиллик тушум қанча бўлиши айтилди

Bugun 17:133 daqiqa

Мажмуа 50 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳага жами 105 млн доллар инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган. Ҳудудда 70 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этилади. Бухородаги қиймати 136 млн доллардан ортиқ объектлар халқаро тадбирларни ўтказиш ва туристик хизматларни ривожлантириш имкониятини кенгайтиради.

Бухородаги туризм маркази битса, маҳаллий бюджетга тушадиган йиллик тушум қанча бўлиши айтилди © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида қурилаётган янги туризм марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий бюджетга йиллик тушум 288 млрд сўмни ташкил этиши мумкин. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мажмуа 50 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳага жами 105 млн доллар инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган. Лойиҳага кўра, ҳудудда қабуллар уйи, кўргазмалар зали, музей, иккита замонавий меҳмонхона, 80 та оилавий меҳмон уйи, 2 минг ўринли амфитеатр, 70 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этилади. Шунингдек, сайилгоҳлар, ҳунармандчилик марказлари ва сунъий кўл ташкил этилади. Иншоотлар қиёфасида Бухоро меъморчилигига хос анъаналарни замонавий ечимлар билан уйғунлаштириш назарда тутилган.

Ҳозир марказнинг 10 гектар майдонида муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнга 50 га яқин махсус техника жалб қилинган. Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 2 мингта иш ўрни яратилиши, Бухорога қўшимча 2 миллиондан ортиқ сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда.

Президент Бухорода қиймати 136 млн доллардан ортиқ бўлган лойиҳалар қурилишини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Конгресс-холл мажмуаси ва замонавий меҳмонхоналар қурилишини ҳам кўздан кечирди.

Кейинги йилларда Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони изчил ўсмоқда. Президент матбуот хизматининг ёзишича, 2025-йилда бу кўрсаткич 2016-йилга нисбатан қарийб олти баробар, туризм хизматлари экспорти эса ўн бир карра ошган. Шу билан бирга, мамлакатда йирик халқаро тадбирлар ўтказиш учун замонавий инфратузилмага талаб ортиб бормоқда.

Мажмуа шаҳарнинг ана шундай тадбирларга мезбонлик қилиш имкониятини кенгайтиради. Конгресс-холл форумлар, олий даражадаги учрашувлар ва бошқа йирик анжуманларни ўтказишга хизмат қилади. Қиймати 60 млн доллар бўлган лойиҳа доирасида 14,5 минг квадрат метр майдонли бино қурилмоқда. Ҳозирда асосий бетонлаштириш ишлари якунланиб, ташқи муҳандислик тармоқларини тортиш, фасад ва том қисмларини барпо этиш давом этмоқда.

Шу ҳудудда 37 млн долларлик «Hilton Garden Inn» меҳмонхонаси ҳам қад ростламоқда. Етти қаватли, 212 хонали меҳмонхонада ер ости автотураргоҳи кўзда тутилган. Бинонинг асосий конструкциялари қуриб битказилган, ҳозир ички деворлар, муҳандислик тармоқлари ва фасад ишлари олиб борилмоқда.

Яна бир лойиҳа — 39,6 млн долларлик «Holiday Inn» меҳмонхонаси. Бу иншоот ҳам етти қаватли, 212 хонали бўлади, ёнида икки қаватли бизнес маркази ҳам барпо этилмоқда. Меҳмонхонада том монтажи ва ички деворлар қурилиши, бизнес маркази ертўласида эса бетонлаштиришнинг якуний босқичи кетмоқда.

Давлат раҳбари объектлардаги ишлар билан танишиб, улар Бухорода халқаро тадбирларни юқори савияда ўтказиш, туризм хизматлари кўламини кенгайтириш учун муҳимлигини, бу эса аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Қурилиш ишларини белгиланган муддатда, сифат талабларига қатъий риоя этган ҳолда якунлаш бўйича топшириқлар берилди.

Қўшмадраса ансамблини реставрация қилиш ишлари қандай кетяпти?

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Қўшмадраса ансамблига ташриф буюрди. Қўшмадраса ансамбли 2023–2024-йилларда қиймати 6 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида қисман реставрация қилинган. Бугунги кунда мазкур ансамблга 1 миллион сайёҳ ташриф буюрмоқда.

Teglar

Mavzuga oid