
Буюк Британия Ўзбекистон компанияларига санкция қўллади
Санкциялар рўйхатида тадбиркор Рустам Мўминов ҳам бор. У Россияга пахта селюлозаси етказиб беришда алоқадор деб ҳисобланмоқда.

Буюк Британиянинг янгиланган санкциялар рўйхатига Ўзбекистондаги бир қанча компаниялар ва тадбиркор Рустам Мўминов киритилди. Бу ҳақда ҳукумат сайтида эълон қилинган расмий ҳужжатда маълум қилинди.
Худди шу компаниялар ва Рустам Мўминов 23 октябрь куни Европа Иттифоқининг 19-санкциялар пакетига ҳам киритилганди. У 1965 йилда Тошкентда туғилган.
Мўминовнинг Ўзбекистон, Россия ва Буюк Британия фуқорилигига эга экани ҳақида маълумотлар тарқалган. Бироқ Буюк Британия томони бу маълумотни инкор қилиб, унинг Ўзбекистон ва Россиядан ташқари Исроил фуқароси эканини кўрсатган.
Фарғона кимё заводи активлари музлатиб қўйилган ва хизмат кўрсатиш тақиқланган. Лондон томони айтишича, завод Украина мустақиллигига путур етакизиш учун фойдаланилган маҳсулот (пахта селюлозаси) ва технологияларни етказиб беришда гумон қилинмоқда.
Корхона маълумотларига кўра, завод МДҲдаги энг йирик пахта селюлозаси ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлиб, тайёр маҳсулотнинг 90 фоиздан ортиғини экспорт қилади. Асосий бозорлар — МДҲ, Туркия, Болгария, Хитой ва Европа.
Рустам Мўминов узоқ йиллар давомида Фарғона кимё заводининг асосий эгаси бўлган. Бугунги кунда унга тегишли заводнинг улушига Олга Шагиева эгалик қилади.
Шагиева Фарғона кимё заводидан ташқари “Алоқаинвест”, “Мадад капитал инвест микромолия ташкилоти”, “Construction Machinery” ва бошқа компанияларда ҳам улушга эга.
Рустам Мўминов Россиядаги “Оффис ситй”, “Техноресурс” ва “Фирм вест” компаниялари асосчиси ҳам ҳисобланади.
Шунингдек, санкциялар Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бошқа компанияларга ҳам таъсир қилди:
“Gelion Business Trade” МЧЖ (Тошкент);
“Chemistry International” МЧЖ (Навоий вилояти);
“Raw Materials Cellulose” МЧЖ (Жиззах вилояти).
Уччала компания ҳам Украинадаги вазиятни барқарорлаштиришга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маҳсулотларни етказиб беришда гумон қилинмоқда.





