add

Буюк Британия тахтининг вориси «қора шаҳзода» ёнига боради

Kecha 20:204 daqiqa

Шаҳзода Уилямнинг Саудия Арабистонига ташрифи иқтисодий қийин вазиятда Кўрфаз давлати билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда эътиборни Эпштейн файлларидан бошқа жойга буришга уриниш сифатида кўрилмоқда.

Буюк Британия тахтининг вориси «қора шаҳзода» ёнига боради

Буюк Британия тахтининг вориси, шаҳзодаси Уилям бугун, 9 феврал куни бошланадиган Саудия Арабистонига уч кунлик ташриф давомида валияҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашади. Бу ташриф ҳукумат номидан амалга оширилаётган расмий сафар бўлиб, икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Шаҳзоданинг ташрифи Буюк Британия молия вазирининг 2025 йилда Саудия Арабистонига қилган сафари ортидан амалга ошмоқда. Лондоннинг маълум қилишича, ўша ташриф натижасида қиймати 8,71 миллиард АҚШ долларига тенг савдо ва инвестиция келишувлари имзоланган.

Кенсингтон саройиниг маълум қилишича, ташриф давомида Уилям валияҳд шаҳзода билан расмий қабулда иштирок этади ҳамда Саудия Арабистонида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, маданий ташаббуслар ва экологик дастурларга бағишланган тадбирларда қатнашади.

Бу Уилямнинг валияҳд шаҳзода билан илк учрашуви эмас. 2018 йил март ойида у ва отаси – ўша пайтда Уэлс шаҳзодаси бўлган Чарлз бин Салмонни Лондондаги Кларенс-ҳаус қароргоҳида кечки овқатга таклиф қилган. Шу куни марҳум қиролича Елизавета II Саудия шаҳзодаси билан алоҳида тушлик учрашуви ҳам ўтказган эди.

Саудия Арабистонидаги ташриф чоғида, қирол Чарлз IIIнинг катта ўғли бўлган Уилям ёш саудияликлар билан учрашиши, мамлакатнинг барқарор ривожланиш ва шаҳарсозлик режалари билан танишиши кутилмоқда. Шунингдек, у аёллар спорти, киберспорт, табиатни муҳофаза қилиш ва маданий ҳамкорликка оид лойиҳаларни ҳам кўздан кечиради.

Шаҳзода, бундан ташқари, қадимий араб воҳаси – Ал-Ула шаҳрига ҳам ташриф буюради. У ерда у ёввойи табиат қўриқхоналарига бориши, маҳаллий жамоалар билан учрашиши ва санъат ҳамда маданий мерос соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги Британия маданий макони – «Уэлс шаҳзодаси уйи»ни томоша қилиши режалаштирилган.

Саудия валияҳд шаҳзодаси бугун Уилямга «UNESCO»нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ат-Тураиф мажмуасини шахсан кўрсатиб чиқади, шундан сўнг Британия тахти вориси мамлакат раҳбари билан расмий қабулда иштирок этади.

Иқтисодий қийин вазиятда қироллик нуфузидан фойдаланиш

Бу ташриф Лондоннинг Кўрфаз давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилган бир пайтга тўғри келмоқда. Саудия ва Британия қироллик оилалари ўртасида узоқ йиллардан бери илиқ муносабатлар мавжуд бўлиб, Саудия Арабистони Буюк Британиянинг Кўрфаз минтақасидаги энг муҳим стратегик шерикларидан бири ҳисобланади.

11 феврал куни якунланадиган уч кунлик ташриф икки давлат ўртасида дипломатик муносабатларнинг 100 йиллиги арафасида «савдо, энергетика ва инвестиция алоқалари ривожланиб бораётганини» нишонлашни мақсад қилган.

Марҳум қиролича Елизавета II Саудия қироллик оиласи аъзоларини тўрт марта давлат ташрифи билан қабул қилган – бу Франция ва Германия каби асосий иттифоқчилар даражасида ҳисобланади.

Ланкастер университетининг халқаро муносабатлар бўйича профессори Саймон Мабоннинг айтишича, икки қироллик оила ўртасида «кўп йиллардан бери яқин алоқалар» мавжуд. Унинг таъкидлашича, Британия ҳукумати илтимосига кўра, иқтисодий жиҳатдан қийин вазиятда Уилямнинг фаол иштироки «қироллик қардошлиги имкониятларидан унумли фойдаланишга уриниш» сифатида баҳоланиши мумкин.

Эътиборни шаҳзода Эндрюдан четга буриш

Бу ташриф, шу билан бирга, Жеффри Эпштейн иши бўйича ҳар куни ошкор бўлаётган янги маълумотлар Буюк Британия қироли Чарльз IIIнинг обрўсига путур етган укаси, собиқ шаҳзода Эндрюга нисбатан босимни кучайтираётган бир вақтда амалга ошмоқда.
Қироллик масалалари бўйича шарҳловчи Ричард Фицвилямснинг айтишича, ҳукумат Уилямнинг дипломатик салоҳиятидан фойдаланишга интилмоқда – худди у 2024 йилда Парижда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашганида бўлгани каби.

«У дипломатия соҳасида жуда пухта ҳаракат қилади, бу эса жуда муҳим», – деди Ричард Фицвилямс.

Унинг сўзларига кўра, қироллик оиласи бу ташриф орқали ўтган ҳафта Эпштейн билан боғлиқ ошкоротлардан эътиборни бошқа томонга буришга умид қилмоқда. Хабарларга кўра, сўнгги ҳужжатлар эълон қилиниши қирол Чарлзни Эндрюнинг Лондон ғарбидаги Виндзор қироллик мулкида жойлашган 30 хонали қасрни тарк этишини тезлаштиришга мажбур қилган.

65 ёшли Эндрю, ўзининг айбдорлигини қатъиян рад этишига қарамай, 2019 йилда қамоқда вафот этган, жинсий жиноятлар учун маҳкум этилган Эпштейн билан дўстлиги сабаб қироллик унвонларидан маҳрум этилган.

Фицвилямснинг айтишича, энг ёмон ҳолат – ташриф пайтида оммавий ахборот воситаларига ёқадиган нохуш тасвирлар тасодифан тарқалиб кетиши бўлиши мумкин.

«Жуда олдиндан режалаштирилган қироллик тадбирлари жорий янгиликлар соясида қолиб кетиши хавфи ҳар доим бор», – деди у.

Саудия пойтахти Ар-Риёдга сўнгги марта расмий ташриф буюрган юқори мартабали қироллик вакили Уилямнинг отаси – ҳозирги қирол Чарлз III бўлиб, у 2014 йил феврал ойида Уэлс шаҳзодаси сифатида ташриф буюрган эди.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер эса 2024 йил декабр ойида Ар-Риёдда валияҳд шаҳзода билан учрашган.

Teglar

Mavzuga oid