add

Чет элда қаровсиз қолган болалар Ўзбекистонга қайтарилди

Kecha 13:152 daqiqa

Россиянинг турли шаҳарларида ота-она қарамоғисиз қолган 6 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.

Чет элда қаровсиз қолган болалар Ўзбекистонга қайтарилди

Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 6 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди, Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур жараён Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳнинг Россия Федерациясига хизмат сафари давомида амалга оширилган.

Шу билан бирга, болаларни қайтариш масаласи Ўзбекистон Болалар омбудсмани томонидан Россиядаги ҳамкасбига юборилган расмий сўров асосида ҳам кўриб чиқилган. Россия Болалар омбудсмани томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида болалар вақтинча жойлашган ҳудудларда улар учун зарур ёрдам кўрсатилиб, муносиб шарт-шароитлар таъминланган.

Қайд этилишича, болалар Санкт-Петербургдан 2 нафар, Москва шаҳридан 1 нафар, Москва вилоятидан 1 нафар, Татаристон Республикасининг Қозон шаҳридан 1 нафар ҳамда Кабардин-Балқар Республикасидан 1 нафарни ташкил этган.

Вояга етмаганлар Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт орқали мамлакатимизга олиб келинган. Келганидан сўнг улар вақтинча Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

Зарур ҳуқуқий ва тиббий текширувлар ўтказилгандан кейин 5 нафар бола белгиланган тартибда ўз ота-оналарига топширилган. Яна 1 нафар болани эса марказ ходимлари ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрига юбориб, онасига топшириш режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, болаларнинг кейинги ижтимоий ҳимояси ва жамиятга мослашув жараёнлари уларнинг яшаш манзиллари бўйича «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан давом эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Россиянинг Екатеринбург, Москва, Волгоград ва бошқа шаҳарларда ота-онаси қарамоғисиз қолган 19 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid