
Чехияда 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкин
Чехия бош вазири болалар саломатлиги ва руҳиятини ҳимоя қилиш учун ижтимоий тармоқларга чеклов жорий этишни қўллаб-қувватлади.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш ғоясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мутахассислар ижтимоий тармоқлар болалар учун жиддий зарарли эканини таъкидламоқда ва давлат уларни ҳимоя қилиши шарт. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Бабиш бу ҳақда якшанба куни ўзининг бир нечта ижтимоий тармоқларда жойланган видеомурожаатида билдирди. У аниқ механизмлар ёки тақиқ қайси платформаларни қамраб олиши ҳақида тафсилот келтирмаган. Шу билан бирга, болалар хавфсизлиги масаласи ҳукумат кун тартибида устувор эканини таъкидлаган.
Кейинчалик Чехия ҳукуматининг биринчи витсе-премери Карел Гавличек мамлакатда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга чеклов жорий этиш имконияти жиддий кўриб чиқилаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, агар қарор қабул қилинса, тегишли қонун лойиҳаси жорий йилнинг ўзида парламентга киритилиши мумкин.
Чехиядаги бу муҳокамалар Европа бўйлаб кучайиб бораётган тенденциянинг бир қисми ҳисобланади. Испания, Греция, Буюк Британия ва Франция каби давлатлар ҳам болалар ва ўсмирлар орасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга нисбатан қатъийроқ чоралар кўриш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳолат технологияларнинг болалар руҳий ҳолати ва ривожига салбий таъсири ҳақидаги хавотирлар билан боғлиқ.
Хусусан, Австралия 2025 йил декабр ойида 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган илк давлатга айланди. Бу қарор халқаро миқёсда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди ва бошқа мамлакатларда ҳам ўхшаш ташаббусларга туртки берди.
Мутахассислар фикрича, экран олдида ўтказилаётган вақтнинг ортиши болаларнинг руҳий саломатлиги ва ижтимоий ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, Чехия ҳукумати томонидан кўрилаётган эҳтимолий чекловлар нафақат миллий, балки умумевропа сиёсатининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.





