Давлат банкларида штатлар қисқартирилади, банк-молия соҳаси ходимлари маоши ҳам

10.10.2025 | 13:307 daqiqa

Президент Фармонига кўра, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларда бир нафардан раҳбар ўринбосари лавозимлари қисқартирилади, шунингдек, бошқарув ходимлари сони 10 фоиз миқдорида мақбуллаштирилади.

Давлат банкларида штатлар қисқартирилади, банк-молия соҳаси ходимлари маоши ҳам
2025 йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Президент Фармони билан ижро этувчи ҳокимият органларига юклатилган вазифа ва функцияларни рақамлаштириш, сунъий интеллект воситаларини жалб этиш ҳисобига ижро ҳокимиятининг 2141 та штат бирлиги қисқартирилади. Фармонда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари акциядорлар умумий йиғилишида, шунингдек, давлат корхоналари бошқарув органларида камида бир нафардан раҳбар ўринбосари лавозимларини қисқартириш, шунингдек, бошқарув ходимлари сонини 10 фоиз миқдорида мақбуллаштириш ташаббуси билан чиқиши белгиланган. Халқ банки, Ўзмиллийбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Агробанк, Бизнесни ривожлантириш банки, Алоқабанк, Асакабанк, Микрокредитбанк ва Туронбанк – давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банклар ҳисобланади. Демак, ушбу банклардаги бошқарув органларида камида бир нафардан раҳбар ўринбосари лавозимларини қисқартирилиб, бошқарув ходимлари сони 10 фоиз миқдорида мақбуллаштирилади. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан биргаликда штат бирликлари қисқартирилган ходимларни иш билан таъминлашга кўмаклашади. Мазкур Фармон эълон қилинганидан сўнг биринчилардан бўлиб Микрокредитбанк Бошқарувида ўзгариш бўлди. Бошқарув раисининг бир нафар ўринбосари Ибрагимова Шахло Алимбаевна Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик асосларига ўқувларни ташкил этиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Банк-молия соҳасидаги айрим йўналишларда ҳам ойлик иш ҳақи камайиши мумкин Президент имзолаган ҳужжат билан 2017 йилда қабул қилинган ПҚ – 2847 қарор бекор қилинди. Мазкур қарор Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари, ҳудудий молия ва ғазначилик бўлинмалари ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳудудий бўлинмаларининг ходимлари лавозим маошини меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,5 бараварга оширилган ҳолда қўлланилишини назарда тутади. Бундан ташқари, Банк-молия академияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг кундузги таълим шаклида таълим олаётган тингловчиларга асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи ўқишнинг бутун даври учун сақлаб қолиниши ҳақидаги қонунга ўзгартириш киритилди. Ўзгартиришга кўра, эндиликда мазкур олийгоҳлар тингловчиларининг ўртача ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваридан ошмаган тақдирда сақлаб қолинади. Маълумот учун, банк-молия соҳаси бир неча йиллардан буён Ўзбекистондаги энг даромадли соҳа бўлиб келаётган эди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасида ўртача иш ҳақи 16 млн 252,9 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақидан қарийб 3 баробар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлариникига нисбатан 4 баробарга кўпдир.

Teglar

Mavzuga oid