
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларига тўлиқ танлов асосида ишга олинади
Давлат хизматида раҳбар ва мутахассис лавозимларини эгаллашда малака, ҳалоллик ва профессионалликни асосий мезон сифатида белгиловчи янги тартиб қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизмати тизимини меритократия, ҳалоллик ва профессионаллик тамойиллари асосида тубдан такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Янги мақсадларга кўра, раҳбар ва мутахассис кадрлар тоифасидаги барча лавозимлар 100 фоиз очиқ танловлар орқали тўлдирилади.
Белгиланган вазифаларга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматида бошқарув ва мутахассис лавозимларини эгаллаш тўлиқ малака даражасига асосланган карера модели орқали амалга оширилади. Бу қарор кадрлар танловида субъектив омилларни камайтириш ва профессионал кадрларни илгари суришга қаратилган.
Шу билан бирга, давлат фуқаролик хизматчиларининг билим ва кўникмаларини доимий равишда ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Edu.argos.uz масофавий таълим платформаси орқали онлайн малака ошириш билан қамровни 100 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу орқали барча давлат хизматчилари учун узлуксиз таълим тизими йўлга қўйилади.
Рақамли хизматлардан фойдаланишни кенгайтириш ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Хусусан, «Давлат хизматчиси» мобил иловасидан фойдаланаётган давлат фуқаролик хизматчилари улушини ҳам умумий сонидан 100 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Кадрлар салоҳиятини янада кучайтириш мақсадида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича мақсадли стажировкалар ташкил этилади. Режага кўра, вазирлик ва идоралар, иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари, етакчи олий таълим муассасалари ҳамда тадқиқот ва таҳлилий марказларининг камида 200 нафар ходими 1 ойдан 6 ойгача муддатга стажировка ўтайди.
Шунингдек, «Эл-юрт умиди» жамғармаси битирувчиларининг йиллик ижтимоий, иқтисодий ва институционал ижобий таъсир кўрсаткичлари ўртача 0,8 коэффициентдан кам бўлмаслигини таъминлаш вазифаси белгиланган. Бу талаб ишлаб бериш мажбурияти тўлиқ ўталгунга қадар амал қилади.





