Давлат таълим ва тиббиёт муассасаларининг боғларини хусусийлаштириш тақиқланади
Ўзбекистонда таълим ва тиббиёт ташкилотлари ҳудудидаги боғлар ҳамда ерларни хусусийлаштиришни тақиқловчи қонун ишлаб чиқилади.
© YANDEX MAPSЎзбекистонда барча давлат таълим ва тиббиёт ташкилотлари ҳудудида жойлашган ҳамда уларнинг балансидаги боғлар ва ер майдонларини хусусийлаштириш қатъиян тақиқланади. Кўп квартирали уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар эса жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Бу ҳақда 10 ноябрда қабул қилинган Президентнинг ПФ-242-сонли фармонида белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, сув ресурслари ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш бўйича миллий дастур тасдиқланган. Ушбу дастур доирасида экология ва кўкаламзорлаштириш соҳасидаги қонунчилик талаблари янада кучайтирилмоқда.
Фармоннинг амалий чора-тадбирлар дастурига асосан, 2027 йилнинг 20 январига қадар қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган. Ушбу қонун лойиҳасида барча давлат таълим ва тиббиёт ташкилотлари, шунингдек, муассасалар ҳудудида жойлашган ва уларнинг балансидаги боғлар ҳамда ер майдонлари хусусийлаштирилиши тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилади.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси янги сифат босқичига олиб чиқилади. 2030 йилга бориб, республикадаги барча туман ва шаҳар марказларида яшиллик даражасини камида 30 фоизга етказиш мақсадли кўрсаткич сифатида тасдиқланди. Таълим, тиббиёт муассасалари ва кўп квартирали уйлар атрофидаги яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш жамият дахлсиз бойлиги мақомида олиб борилади.
Дастурнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида суғориладиган экин майдонларида сув тежовчи технологиялар қамровини 2030 йилга қадар 100 фоизга етказиш белгиланди. Мазкур жараёнларни жадаллаштириш учун беш йиллик манзилли дастур ишлаб чиқилади.
Жорий этилган барча субсидиялар тўлиқ хатловдан ўтказилади. Амалда кам самара бераётган субсидия ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари бекор қилиниб, келажакда сифатли натижа берадиган янгиларига алмаштирилади. Шу билан бирга, имтиёзли кредит ва субсидия маблағларини ажратиш тизимини соддалаштириш механизми жорий этилади.
Беш йил ва ундан ортиқ муддат давомида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиб келаётган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига ускуналарни қайта тиклаш учун қўшимча имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Давлат субсидияси ҳисобидан жорий қилинган технологиялардан келгусида самарали фойдаланишни назорат қилиш тизими эса кескин кучайтирилади.





