Ўзбекистон санкциялар сабаб насос станциялари лойиҳасида Россия банкидан воз кечди
Ўзбекистон Россияга қарши санкциялар ва молиялаштириш шартлари қимматлашгани сабабли 95 та насос станциясини модернизация қилиш лойиҳасига маблағ ажратувчи банкни бошқасига ўзгартирди.
© Foto: Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигиЎзбекистон Россияга қарши киритилган санкциялар ҳамда кредит фоиз ставкаларининг қимматлашиши ортидан 95 та насос станциясини модернизация қилишни молиялаштиришнинг аввалги схемасидан воз кечди. Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ушбу лойиҳа эндиликда Россия эмас, балки бошқа янги банк томонидан молиялаштирилишини маълум қилган. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бу ҳақдаги маълумотлар 11 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ҳукумат соати»да очиқланган. Йиғилиш давомида депутат Имомназар Турсунов 37 миллион долларлик 95 та насос станциясини модернизация қилиш лойиҳаси кечикаётгани ва ушбу инвестиция лойиҳаси доирасида бир сўм ҳам ўзлаштирилмаганини таъкидлаб, бунинг сабаблари билан қизиққан.
Сув хўжалиги вазири депутат саволига жавоб берар экан, режанинг ўзгаришига Россияга нисбатан қўлланилган санкциялар ва кредитлар фоизларининг ошиб кетиши асосий сабаб бўлганини айтган.
«Россияга нисбатан санкциялар ва кредитлар фоизлари ошиши туфайли биз бунинг ўрнига, 37 миллион долларни Россия билан эмас, янги банк билан қиладиган бўлдик. 4 фоизлик кредит бериб амалга ошириляпти. Бу ҳам келгуси йилда амалга оширилади», — деган вазир.
Хабар қилинишича, лойиҳани амалга ошириш 2027 йилга кўчирилмоқда. Бироқ, янги молиялаштирувчи банк номи ва кредитнинг аниқ шартлари ҳозирча очиқланмаган.
Дастлабки лойиҳа ва бекор қилинган келишув
«Газета.uz» хабарига кўра, лойиҳа аввалбошдан Россиянинг «ВЭБ.РФ» давлат тараққиёт корпорацияси иштирокида амалга оширилиши кўзда тутилган. 2021 йил 29 июлда қабул қилинган президент қарори билан Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги жами 95 та объектни янгилаш режалаштирилган. Қиймати 213,5 миллион еврога баҳоланган лойиҳанинг 146 миллион евроси айнан «ВЭБ.РФ» кредити ҳисобидан жалб қилиниши кўзда тутилган ва 2021 йил сентябрда кредит келишуви имзоланган.
Аммо 2022 йилнинг 22 февралида АҚШ Молия вазирлиги томонидан «ВЭБ.РФ» банкига блокловчи санкциялар жорий этилиб, унинг халқаро молиявий операциялари чекланган. Шундан сўнг, 2022 йил 1 декабрда қабул қилинган янги қарор билан «ВЭБ.РФ» иштирокидаги юқоридаги келишув ўз кучини йўқотган деб топилган.
Янги ҳамкорлар
Нашрнинг қайд этишича, 2026 йилнинг 18 июн куни Сув хўжалиги вазирлиги, Евросиё тараққиёт банки ва Евросиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармаси ўртасида сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича меморандум имзоланди. Ҳужжат айнан ўша 5 та вилоятдаги 95 та насос станциясини қамраб олади. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида 110 та насос станциясини янгилаш бўйича ҳам тендер жараёнлари кетмоқда.
Маълумот ўрнида, насос станциялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун стратегик аҳамиятга эга. Мамлакатдаги жами суғориладиган ерларнинг 56 фоизи (2,4 миллион гектар) айнан насосли суғоришга боғлиқ. Мураккаб релеф шароитида сувни юқорига ҳайдаб берадиган ушбу тизимнинг 94 фоизи ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган бўлиб, бутун мамлакатдаги жами электр энергиясининг қарийб 16 фоизини сарфламоқда. Модернизация ишлари орқали ушбу улкан энергия сарфини кескин камайтириш мақсад қилинган.





