Logo

Деҳқон бозорлари хусусийлаштириладими? Жамоатчилик саволларига жавоб берилди

Kecha 20:182 daqiqa

Давактив маълумотига кўра, хусусийлаштириш ҳар бир объектнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич ва манзилли ўтказилади.

Деҳқон бозорлари
хусусийлаштириладими? Жамоатчилик саволларига жавоб берилди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Давлат активларини бошқариш агентлиги деҳқон бозорларини бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш ва модернизациялаш жараёнлари юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли тахмин ҳамда саволларга изоҳ берди. Агентликка кўра, асосий мақсад бозорларни ёпиш эмас, балки уларнинг инфратузилмасини янгилаш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишдир.

Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига кўра, бозорларни бошқаришда давлат иштирокини қисқартириш уларнинг анъанавий фаолият йўналишини ўзгартиришни англатмайди.

«Гап уларни ёпиш ёки ўрнида савдога алоқаси бўлмаган объектлар қуриш ҳақида бормаяпти. Аҳоли учун одатий бўлган савдо майдонлари ўз ўрнини сақлаб қолади», — дейилади хабарда.

Ислоҳотларнинг бош тамойили сифатида харидорлар, тадбиркорлар ва фермерлар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, санитария-гигиена шароитларини яхшилаш белгиланган.

Бунда «Ekobozor» ва «Food City» каби замонавий савдо мажмуалари тажрибаси намуна сифатида кўриб чиқилмоқда. Ушбу ёндашув анъанавий савдо-сотиқни замонавий стандартлар билан уйғунлаштиришни назарда тутади.

Бозорларни хусусийлаштириш жараёни оммавий сотиш шаклида эмас, балки ҳар бир объектнинг ижтимоий аҳамияти ва иқтисодий салоҳиятини инобатга олган ҳолда манзилли ва босқичма-босқич амалга оширилиши таъкидланди.

Агентлик қарорлар қабул қилинишидан олдин бозорларнинг ҳолати, қонунчилик талаблари ва таъсис ҳужжатлари ҳар томонлама ўрганилишини маълум қилди.

Бундан ташқари, ҳар бир объектни реализация қилишдан аввал маҳаллий аҳоли, тадбиркорлар ва бозорнинг бошқа иштирокчиларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мажбурий шарт этиб белгиланган.

Модернизация жараёни фуқароларга қўшимча ноқулайликлар туғдирмаслиги ва сотувчиларнинг ўз маҳсулотларини сотиш имкониятларини асоссиз чекламаслиги алоҳида қайд этилган.

Агентлик хулосасига кўра, хусусийлаштириш инвестицияларни жалб қилиш, бошқарув самарадорлигини ошириш ва савдо инфратузилмасини комплекс янгилаш воситаси сифатида кўрилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid