Logo

Сурхондарё ва Қашқадарё ўртасидаги маъмурий-ҳудудий чегаралар тасдиқланади

Чегараларни белгилашда замонавий картографик материаллар, аэросуратлар ва давлат координаталари тизимига боғланган топографик хариталардан фойдаланилган.

Сурхондарё ва Қашқадарё ўртасидаги маъмурий-ҳудудий чегаралар тасдиқланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Сурхондарё вилоятининг Қашқадарё вилояти билан маъмурий-ҳудудий чегараларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси қабул қилинди.

Лойиҳага мувофиқ, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ўртасидаги умумий узунлиги 209,15 километр бўлган маъмурий-ҳудудий чегара чизиғини тасдиқлаш назарда тутилмоқда.

Чегараларни белгилашда замонавий картографик материаллар, аэросуратлар ва давлат координаталари тизимига боғланган топографик хариталардан фойдаланилган.

«Эътиборлиси, чегара чизиқлари ердан фойдаланувчиларга тегишли яйлов ва лалми ер майдонларининг яхлитлигини сақлаш, уларни табиий релеф элементларига мувофиқ белгилаш тамойиллари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, бу ер муносабатларида юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади», - дейилади Қонунчилик палатаси хабарида.

Қайд этилишича, мазкур қарор лойиҳаси маъмурий-ҳудудий чегараларни аниқ белгилаш фақат географик масала эмас, балки ер ҳисоби ва кадастр маълумотларининг ишончлилигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ эканини кўрсатади.

«Қарорнинг қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ер ва кадастр муносабатлари бўйича хизмат кўрсатишдаги мавжуд ноқулайликларни бартараф этиш, давлат органлари ўртасидаги ҳудудий ваколатлар аниқлигини таъминлашда муҳим омил бўлади», - дейилади хабарда.

Teglar

Mavzuga oid