
«Дом» олдидаги парковкалар ҳам пуллик бўлмоқда: йиллик рухсатнома сотиб олиш мумкин
Тошкентда пулли тўхташ жойлари атрофида яшовчилар учун резидентлик рухсатномалари жорий этилмоқда.

Тошкент шаҳрида пулли тўхтаб туриш жойларида резидентлар учун автотураргоҳ рухсатномалари жорий этилмоқда.
Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов томонидан имзоланган ҳужжатга кўра, пулли автотураргоҳлар ташкил этилган ҳудудий зоналарга бевосита яқин жойлашган уйларда яшовчи фуқароларга имтиёзлар берилади. Янги тартиб 2026 йил 1 февралдан бошлаб тўлиқ кучга кириши белгиланган
Белгиланишича, ҳар бир тураржой учун кўпи билан иккита резидент автотураргоҳ рухсатномалари рўйхатга киритилиши мумкин.
Резидентлар учун соат 20:00 дан 08:00 гача тўхтаб туриш бепул, қолган вақтларда эса белгиланган тарифлар асосида тўлов ундирилади. Рухсатнома бир йиллик муддатга берилади. Йиллик резидентлик тўлови учун бир базавий ҳисоблаш (амалда 412 минг сўм) миқдорида тўлов қилиниши керак бўлади.
Резидентлик рухсатномаси учун йиллик тўловни амалга оширган шахсларга уй атрофидаги пулли тўхташ жойларидан аниқ бир нуқта бириктириб (брон қилиб) бериладими ёки йўқ: бунга аниқлик киритилмаган.





