Logo

Дунё «электр энергияси даври»га кирмоқда: бу жараён иқтисодиётни қандай ўзгартиради?

Bugun 15:305 daqiqa

Халқаро энергетика агентлигига кўра, 2030 йилгача электр энергиясига бўлган талаб кескин ўсади. Сунъий интеллект, электромобиллар ва кондиционерлар бу жараённи янада тезлаштирмоқда.

Дунё «электр энергияси даври»га кирмоқда: бу жараён иқтисодиётни қандай ўзгартиради? © Foto: Louai Beshara/AFP/Getty Images

Дунё энергетикасида янги босқич бошланмоқда. Саноат инқилобидан кейинги давр кўмир, нефт ва газ билан узвий боғлиқ бўлган бўлса, эндиликда электр энергияси иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланмоқда. Электромобиллар, маълумотлар марказлари, сунъий интеллект, электр иситиш тизимлари ва саноатнинг ялпи электрлаштирилиши бу жараённи тезлаштирмоқда.

Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) ижрочи директори Фотиҳ Бирол «The Guardian» нашрига берган интервюсида дунё расман «электр энергияси даври»га кирганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кейинги ўн йил ичида жаҳон энергетика тизимига қўшиладиган янги электр ишлаб чиқариш қувватлари сўнгги ўн йилликдаги кўрсаткичдан икки баробар кўп бўлиши мумкин.

Биролнинг қайд этишича, сўнгги ўн йилда дунё бўйича тахминан 5 000 гигаватт электр ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Келгуси ўн йилликда эса яна тахминан 12 000 гигаваттлик янги қувватлар жорий этилиши кутилмоқда.

Электр энергиясига талаб тез ўсмоқда

Халқаро энергетика агентлигининг жорий йил 22 сентябрда эълон қилинган «Electrification» махсус ҳисоботига кўра, 2015–2025 йилларда жаҳонда электр энергиясига талаб йилига ўртача 3 фоиздан кўпроқ ўсган. Бу умумий энергия истеъмолининг ўсиш суръатидан икки баробар тез дегани.

Агентлик буни бир нечта омил билан изоҳлайди: ҳавони совитишга эҳтиёжнинг ортиши, маиший техникалар сонининг кўпайиши, саноат, рақамли хизматлар, сунъий интеллект ва транспорт соҳасининг электрлаштирилиши.

Бундаги энг муҳим ўзгариш шуки, электр энергияси илгари асосан нефт ёки газга қарам бўлган иқтисодиёт тармоқларига ҳам кириб бормоқда.

Биринчидан, транспорт электрлашмоқда. Электромобиллар бозорининг кенгайиши талабнинг асосий драйверларидан биридир. ХЭА ҳисоботига кўра, 2025 йилда электромобиллар дунёда сотилган янги автомобилларнинг қарийб 25 фоизини ташкил этди (2015 йилда бу кўрсаткич 1 фоиздан ҳам кам эди). Фотиҳ Биролнинг таъкидлашича, сўнгги тўққиз ойда ҳатто Хитойдан ташқари бошқа давлатларда ҳам электромобиллар савдоси 60 фоизга ошган. Электр транспортининг яна бир муҳим устунлиги — унинг энергия самарадорлигидир. Электромобил ички ёнув двигателли автомобилга қараганда икки-тўрт баробар самаралироқ ҳаракатланади ва бир хил масофа учун камроқ энергия сарфлайди.

Иккинчидан, сунъий интеллект ва дата-марказлар кўпроқ энергия талаб қилмоқда. Сунъий интеллектнинг ривожланиши фақат технологик компаниялар билан чекланиб қолмайди. Катта тил моделларини ўқитиш, маълумотларни сақлаш ва сунъий интеллект хизматларини узлуксиз ишлатиш учун йирик маълумотлар марказлари зарур. Бундай марказлар серверлар ва совитиш тизимлари орқали улкан миқдорда электр истеъмол қилади. ХЭАнинг баҳолашича, дата-марказларнинг электр истеъмоли 2025 йилдаги 485 тераватт-соатдан 2030 йилга бориб 950 тераватт-соатгача (қарийб икки баробар) кўпаяди. 2030 йилда дата-марказлар жаҳондаги жами электр энергияси истеъмолининг тахминан 3 фоизини ташкил қилиши кутилмоқда.

Учинчидан, кондиционерлар ва совитиш тизимларига эҳтиёж ортмоқда. Иқлим ўзгариши оқибатида иссиқ тўлқинларнинг кучайиши ҳамда аҳоли даромадларининг ошиши кондиционерларга бўлган талабни каррасига оширмоқда. Масалан, АҚШда хонадонларнинг қарийб 90 фоизида кондиционер мавжуд бўлса, Ҳиндистонда бу кўрсаткич 20 фоиздан, Нигерияда эса 5 фоиздан кам. Бу рақамлар ривожланаётган давлатларда кондиционерлар сонининг кескин кўпайиши кутилаётганини ва бу электр тизимларига жуда катта қўшимча юклама туширишини кўрсатади.

2030 йилгача электр истеъмоли қанчага ўсади?

ХЭА прогнозларига кўра, 2026–2030 йилларда глобал электр энергиясига талаб йилига ўртача 3,6 фоизга ўсади (бу сўнгги ўн йилдаги ўртача ўсишдан 50 фоизга юқори).

Агентлик ҳисоб-китобига кўра, 2025 йилда жаҳон бўйлаб 28 200 тераватт-соат электр энергияси истеъмол қилинган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 33 600 тераватт-соатга етиши кутилмоқда. Бу ўсишнинг асосий қисми (қарийб 80 фоизи) ривожланаётган иқтисодиётлар ҳиссасига тўғри келади. Хитой ушбу ўсишнинг энг йирик манбаи бўлиб қолиши (глобал ўсишнинг ярми) тахмин қилинмоқда. Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиёда ҳам саноат ривожланиши ва кондиционерлардан фойдаланиш кўлами ортиши ҳисобига истеъмол кескин ошади.

COP31 саммитида 2035 йилгача янги мақсад илгари сурилди

Электр энергиясига ўтиш масаласи 2026 йил 9–20 ноябр кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP31 саммитида ҳам асосий мавзулардан бирига айланди.

Саммит доирасида электр энергиясининг энергия истеъмолидаги улушини бугунги тахминан 23 фоиздан 2035 йилга бориб 35 фоизга етказиш таклифи илгари сурилди. Бу ташаббус «35x35» деб номланмоқда.

11 ноябр куни COP31 раҳбарлар саммитида бир гуруҳ мамлакатлар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.

IEA мазкур мақсаднинг иқтисодий имкониятларини ҳам баҳолаган. Агентлик ҳисоботига кўра, бугунги кунда мавжуд ва рақобатбардош нархга эга электр технологияларидан кенгроқ фойдаланилса, 2035 йилга бориб электр энергияси энергия истеъмолининг 33 фоизини таъминлаши мумкин.

Агентликнинг юқори электрлаштириш сценарийсида эса 35 фоизлик кўрсаткичга эришиш назарда тутилган.

IEA ҳисоб-китобларига кўра, импорт ёқилғиларига боғлиқ мамлакатлар электрлаштиришни тезлаштирса, 2035 йилга бориб уларнинг энергия импорти учун харажатлари 2025 йилдаги даражага нисбатан 400 млрд доллардан кўпроқ камайиши мумкин.

Ўзбекистон ҳам электр талаби кескин ўсаётган даврни бошдан кечирмоқда

Глобал миқёсдаги бу жараёнлар Ўзбекистон учун ҳам долзарбдир. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда жами 69,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган (бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,4 фоизга кўп). Истеъмол эса 68,1 миллиард киловатт-соатни ташкил этган (6,3 фоиз ўсиш).

Ишлаб чиқаришда иссиқлик электр станциялари (49,1 млрд кВт/соат) ҳамон асосий ўринни эгалламоқда. Бироқ қайта тикланувчи манбаларнинг улуши тез ўсмоқда: қуёш ва шамол станциялари 10,5 млрд, ГЭСлар 6,6 млрд, кичик қуёш панеллари эса 2,5 млрд киловатт-соат электр берган.

Эътиборлиси, йирик қуёш ва шамол станциялари 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойидаёқ бутун 2025 йил давомида ишлаб чиқарилган энергия ҳажмига етиб олган.

Электр энергияси экспорти 3,4 млрд киловатт-соатни, импорти эса 1,9 млрд киловатт-соатни ташкил қилган.

Жорий йил якунига қадар мамлакатда жами 94,6 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 7,7 млрд кВт⋅соат ёки 8,8 фоиз кўпдир.

Шунингдек, йил якунига қадар республика истеъмоли 92,2 млрд кВт⋅соатни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ўтган йилги натижага нисбатан 5,7 млрд кВт⋅соат ёки 6,6 фоизга кўпдир.

2030 йилгача Ўзбекистон энергетикасида нималар ўзгаради?

Ўзбекистонда электр энергиясига талабнинг ўсиши янги генерация қувватларини қуриш ва мавжуд инфратузилмани янгилашни талаб қилмоқда.

2026 йил 16 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги инвесторлар билан мулоқот ўтказган. Унда 2030 йилгача мамлакатда қўшимча 22 минг мегаватт янги генерация қувватларини ишга тушириш, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 129 млрд киловатт-соатдан ошириш ва қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш мақсадлари белгиланган.

Шунингдек, учрашувда умумий қиймати 4,7 млрд доллар бўлган олтита йирик лойиҳа бўйича келишувлар имзоланган. Улар 3 000 мегаватт электр ишлаб чиқариш қуввати ва 400 мегаватт энергия сақлаш қувватини яратишни назарда тутади.

Teglar

Mavzuga oid