add

Дунёда Бутунжаҳон туркий тиллар куни илк бор нишонланмоқда

Bugun 18:433702 daqiqa

UNESCO қарори билан 15 декабр туркий тиллар мероси ва тил хилма-хиллигини эътироф этувчи халқаро санага айланди.

Дунёда Бутунжаҳон туркий тиллар куни илк бор нишонланмоқда

15 декабр куни жаҳонда илк бор Бутунжаҳон туркий тиллар куни нишонланмоқда. Ушбу сана UNESCO Бош конференциясининг Самарқандда бўлиб ўтган сессиясида маъқулланган бўлиб, ташкилот буни инсониятнинг умумий маданий меросини бойитувчи тил хилма-хиллигини тан олиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.

UNESCO ва БМТ янгиликлар хизматига кўра, сана танланиши рамзий маънога эга. Аниқроғи, 1983 йил 15 декабр куни даниялик тилшунос Вилҳелм Томсен қадимги туркий ёзув ёдгорликлари — Ўрхун ёзувлари алифбосини муваффақиятли ўқиганини эълон қилган. Мазкур ёзувлар эрамизнинг VIII асрида ҳозирги Мўғулистон ҳудудидаги Ўрхун водийсида яратилган бўлиб, 1889 йилда кашф этилган.

UNESCO маълумотларига кўра, туркий тиллар оиласига мансуб озарбойжон, қозоқ, қирғиз, турк, туркман ва ўзбек тиллари тахминан 12 миллион квадрат километр ҳудудда 200 миллиондан ортиқ инсон учун она тили ҳисобланади. Туркий тиллардаги бой ёзма ва оғзаки мерос ўндан ортиқ давлатларни маданий жиҳатдан боғлаб туради.

Бутунжаҳон туркий тиллар кунини жорий этиш ташаббуси Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон томонидан илгари сурилган. Ушбу ташаббусни жами 21 давлат қўллаб-қувватлаган. UNESCO бу орқали тил ҳамкорлиги, маданий яқинлашув ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотнинг аҳамиятини яна бир бор таъкидламоқда.

Ташаббус, шунингдек, тилшунослик тадқиқотлари, таълим ва маданий алмашинув соҳаларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. UNESCOнинг қайд этишича, ушбу сана туркий тилларни асраш ва ривожлантириш бўйича глобал мулоқотни кенгайтиришга хизмат қилади.

Бутунжаҳон туркий тиллар куни муносабати билан турли мамлакатларда илмий-маърифий ва маданий тадбирлар — кўргазмалар, маърузалар, оммавий мунозаралар, адабий ва шеърий кечалар ўтказилиши режалаштирилган.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған таклифи асосида 15 декабр «Жаҳон туркий тиллар куни» деб эълон қилинган ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid