Дунёда олтин нархи тарихий рекорд янгилади
Бир кун ичида олтин нархи 3,2 фоизгача қимматлашиб, бир унцияси 5 584,3 доллардан ошди.

Олтин нархи бир троя унцияси учун 5,5 минг доллардан ошиб, молия бозорлари тарихида янги рекордни қайд этди. Қимматбаҳо металл кетма-кет тўққиз кун давомида энг юқори қийматларда савдо қилинмоқда.
Бундай кескин ўсиш, аввало, АҚШ долларининг қадрсизланиши билан изоҳланмоқда. Шу билан бирга, облигациялар ва асосий валюталар хавфли актив сифатида баҳоланиб, инвесторлар ўз маблағларини олтин каби анъанавий хавфсиз воситаларга йўналтирмоқда. Бир кун ичида олтин нархи 3,2 фоизгача кўтарилди. COMEX биржасида бир унцияси 5 584,3 долларгача етди.
Солиштириш учун, 28 январ куни олтин 5 200 доллардан ошиб, аввалги рекордни янгилаган эди. Ундан ҳам олдин, 12 январ куни қимматбаҳо металл бир унция учун 4 600 доллар атрофида баҳоланган. Қисқа вақт ичида бундай тезкор ўсиш бозордаги беқарорлик даражаси юқори эканини кўрсатади.
2026 йил бошидан бери спот олтин қарийб 28 фоизга қимматлашди. Шу даврда кумуш нархи эса деярли 65 фоизга ошди. Глобал иқтисодий беқарорлик, савдо урушлари хавфи ва геосиёсий ноаниқликлар инвесторларни хавфсиз активларга бўлган талабни кучайтиришга мажбур қилмоқда.
Мутахассислар фикрича, инфляциянинг юқори даражада сақланиб қолиши, АҚШ долларининг заифлашуви, марказий банклар томонидан олтин захираларининг фаол оширилиши ҳамда АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини пасайтириши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар нархларнинг ўсишига асосий туртки бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистонда олтин нархлари кетма-кет рекордлар янгилаб, сўнгги бир йил ичида кескин ўсишни намоён қилган эди. 2026 йил 28 январь ҳолатига кўра, 1 грамм олтин қуймасининг сотиш нархи 2 миллион 58 минг сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич мамлакат тарихида энг юқори даражалардан бири ҳисобланади.





