add

Дунёнинг ТОП-10 энг бой президентлари: ҳокимият ва капитал кесишган нуқта

Bugun 20:185783 daqiqa

Дунёда давлат раҳбарларининг расмий маошлари ўзаро катта фарқ қилади. Айрим мамлакатларда президент ойига бир неча минг доллар олади, бошқаларида эса бу кўрсаткич ўн минглаб долларга етади.

Дунёнинг ТОП-10 энг бой президентлари: ҳокимият ва капитал кесишган нуқта

Расмий маошлар давлат раҳбарининг реал бойлигини акс эттирмайди. Кўплаб президентлар ҳокимиятга келгунга қадар йирик бизнес ва капиталга эга бўлган, айримлари эса узоқ йиллик ҳокимият, давлат ресурслари ва таъсир доираси орқали бойлигини оширган. Қуйида дунёдаги энг бадавлат 10 нафар президент рейтинги тақдим этилади.

Рейтингнинг мутлақ етакчиси — Россия президенти Владимир Путин. Hermitage Capital Management'нинг собиқ раҳбари Билл Браудер АҚШ Сенатида қасамёд остида берган баёнотида унинг бойлигини камида 200 миллиард долларга баҳолаган. Бу кўрсаткич уни дунёдаги энг бой шахслар қаторига киритади. Россия Марказий сайлов комиссиясига кўра эса, Путин 2011–2016 йилларда атиги 673 минг доллар расмий даромад олган. Мустақил манбалар унинг активлари нефт-газ, банк тизими ва стратегик компаниялар орқали яширин бошқарилишини таъкидлайди.

Иккинчи ўринда Беларус президенти Александр Лукашенко туради. WikiLeaks ҳужжатларида 2006 йилдаёқ унинг бойлиги 9 миллиард долларга баҳоланган. Лукашенко бу даъволарни рад этган бўлса-да, унинг яширин активлари ҳақидаги тахминлар йиллар давомида сақланиб келмоқда.

Учинчи ўрин АҚШ президенти Доналд Трампга тегишли. Forbes маълумотларига кўра, унинг бойлиги 2025 йилга келиб 7,2 миллиард долларга етган. Кўчмас мулк, медиа ва сўнгги йилларда криптовалюта бизнеси Трамп капиталининг асосий ўсиш манбалари ҳисобланади.

Тўртинчи ўринда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин жой олган. АҚШ ва Жанубий Корея разведка маълумотларига кўра, унинг бойлиги 5 миллиард доллар атрофида. Бу маблағлар Хитой, Европа ва бошқа давлатлардаги махфий банк ҳисобларида сақланиши айтилмоқда.

Бешинчи ўрин Хитой раиси Си Сзинпинга тегишли. Расман у йиллик 22 минг доллар маош олади. Аммо 2012 йилдаги журналистик терговлар унинг оиласи орқали йирик инвестициялар ва кўчмас мулк активлари мавжудлигини кўрсатган. Айрим баҳоларга кўра, умумий бойлик 1,5 миллиард долларга етган.

Олтинчи ўринда Экваториал Гвинея президенти Теодоро Обианг Нгема Мбасого туради. Forbes унинг бойлигини 600 миллион долларга баҳолаган. Нефть даромадлари асосий манба ҳисобланади, оила аъзоларига тегишли люкс активлар эса халқаро коррупция терговларида тилга олинган.

Еттинчи ўринни бир нечта давлат раҳбарлари бўлишади. Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг бойлиги тахминан 500 миллион долларга баҳоланади. Расмий маоши нисбатан паст бўлса-да, мустақил манбалар унинг капитали оилавий фондлар ва бизнес тузилмалар орқали шаклланганини таъкидлайди.

Руанда президенти Пол Кагаме ҳам 500 миллион доллар атрофидаги бойлик билан рейтингдан жой олган. Мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқлари ҳокимият партиясига боғлиқ Crystal Ventures холдинги орқали бошқарилиши ҳақида маълумотлар мавжуд.

Шу қаторда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳам тахминан 500 миллион доллар бойликка эга. Пандора Паперс ҳужжатларида Алиевлар оиласининг Лондон ва Дубайдаги қиммат кўчмас мулк активлари очиқланган, айрим баҳоларга кўра эса капитал 900 миллион долларгача етиши мумкин.

Рейтингни Жанубий Африка президенти Сирил Рамафоса якунлайди. Унинг бойлиги 450 миллион долларга баҳоланади. Сиёсатга киришишидан олдин инвестиция соҳасида йирик активларга эга бўлган Рамафоса расмий маошининг ярмини хайрияга сарфлаётгани билан ҳам танилган.

Teglar

Mavzuga oid