add

«E-qaror» тизимида «яширилган» қарорларни Аксилкоррупция агентлиги назорат қилади

Ўтган икки йил давомида маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан «E-qaror» ахборот тизимида «яширилган» мақоми билан эълон қилинган қарор ва фармойишларга жами 7,4 трлн сўм маблағ ажратилган.

«E-qaror» тизимида «яширилган» қарорларни Аксилкоррупция агентлиги назорат қилади

«E-qaror» электрон тизимида қабул қилинаётган ҳужжатларни эълон қилишда очиқликка оид қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш ваколати Коррупцияга қарши курашиш агентлигига топширилди. Бу ҳақда 2025 йил 30 декабр куни имзоланган президент фармонида қайд этилган. Қарор давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятида шаффофликни кучайтиришга қаратилган.

Фармонга мувофиқ, республика ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатларни «E-qaror» тизимида асоссиз равишда эълон қилмаслик қонунбузарлик деб ҳисобланади. Бундай ҳолатлар давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда мансабдор шахсларни жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Шунингдек, агентликка маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими бўлган «E-qaror» орқали қабул қилинаётган ҳужжатлар билан тўсиқсиз танишиш ҳуқуқи берилди. Бу қарорларнинг мазмуни, асосланиши ва эълон қилиниши юзасидан доимий мониторинг олиб бориш имконини яратади.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги икки йилда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан «E-qaror» ахборот тизимида «яширилган» мақоми билан эълон қилинган қарор ва фармойишлар орқали жами 7,4 триллион сўм маблағ ажратилган. Бу ҳолат очиқлик талабларига амал қилишда жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

2024 йил ҳамда 2025 йилнинг ўн ойи давомида қабул қилинган 24 минг 217 та ҳужжатнинг 37 фоизи «яширилган» мақомда эълон қилинган. Жамоатчиликка ошкор этилмаган, маблағ ажратиш билан боғлиқ қарорлар сони 1911 тани ташкил этган. Янги тартиб ушбу амалиётга чек қўйишни мақсад қилган.

Teglar

Mavzuga oid