add

Электромобил қувватлаш ускуналари импорти учун бож олинмайди

2026 йилдан электромобил инфратузилмаси ва чиқинди соҳасига оид қатор солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилади.

Электромобил қувватлаш ускуналари импорти учун бож олинмайди

2025 йил 30 декабрда имзоланган ПФ–269-сонли Президент фармонида иқтисодиётнинг қатор муҳим йўналишларини рағбатлантиришга қаратилган янги имтиёзлар белгиланди.

Фармонга мувофиқ, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар асосида 2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган айрим товарлар божхона божидан озод қилинади. Ушбу имтиёз, аввало, электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ҳамда сервис инфратузилмаси учун мўлжалланган технологик асбоб-ускуналарга тааллуқли.

Шунингдек, ипакчилик соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти уруғи ва кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғлари ҳам белгиланган муддатгача божхона божидан озод этилади.

Фармонда чиқиндиларни бошқариш соҳасига оид солиқ имтиёзлари ҳам белгиланди. 2026 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси ҳамда белгиланган талабларга жавоб берадиган солиқ тўловчилар учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.

Бунда солиқ имтиёзи чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолиятидан олинган даромад жами даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этган ҳамда ҳар бир ходимга ҳисобланган ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида икки бараварига тенг бўлган тақдирдагина қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида Электромобиллар учун имтиёзли автокредитлар берилишини маълум қилган эди.

Teglar

Mavzuga oid