Logo

Энди ҳокимлар ҳафтада уч кун фақат камбағаллик ва бандлик масалалари билан шуғулланади

Bugun 12:452 daqiqa

Ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилади. Банклар ва бандликка кўмаклашиш идоралари ушбу штабларга жойлардаги масалаларни ҳал этишга кўмаклашади.

Энди ҳокимлар ҳафтада уч кун фақат камбағаллик ва бандлик масалалари билан шуғулланади © president.uz

Ўзбекистонда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бутун иқтисодий комплекс билан ҳафтада уч кун фақат камбағаллик ва бандлик масалалари билан шуғулланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда Хоразмда ўтказилган ўрганиш натижалари асосида барча ҳудудлар учун янги тизим жорий этилиши белгиланди.

Қайд этилишича, икки ҳафта давомида Хоразмдаги 81 минг камбағал аҳоли, яъни 19 минг оиланинг ҳолати ўрганилди. Уларда 12 минг ишсиз ва 10 минг даромади паст фуқаро борлиги аниқланди. Айни вақтда вилоят тадбиркорларида қурилиш, хизматлар ва саноат соҳаларида қарийб 10 мингта бўш иш ўрни мавжуд.

Масъулларга ишсиз ва кам даромадли аҳолини корхоналар талаби асосида касбга ўқитиб, иш билан таъминлаш имкониятларини ишга солиш вазифаси қўйилди. 

Мавжуд бўш иш ўринлари ва касбга тайёрлаш имкониятларидан фойдаланиш орқали камбағал оилалардаги 10-15 минг нафар аҳоли даромадини ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Хоразмда ўрганилган камбағал оилаларда 48 минг нафар бола борлиги қайд этилди. 

Бироқ масъулларда ушбу ёшлар билан алоҳида шуғулланиш ва уларни ҳозирдан касб-ҳунарга жалб этиш бўйича махсус дастур мавжуд эмас. 

Вилоятнинг ҳар бир туманида камида 1-2 тадан техникум ва 4-5 тадан ўқув маркази фаолият юритаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаолларига мактаб, техникум ва ўқув марказларида камбағал оилалар фарзандлари учун қўшимча тўгараклар ташкил этиш вазифаси белгиланди. 

Хоразмда камбағал оилалардаги 10 мингдан зиёд аёл бола парвариши билан банд. Бундай оилалар фарзандларининг боғча қамрови 75 фоизга ҳам етмаслиги кўрсатиб ўтилди.

646 нафар коллеж ўқувчиси ҳамда олийгоҳ талабасининг ҳудуддаги янги лойиҳалардан келиб чиқиб, дуал таълим асосида касбий кўникмаларини ошириш имконияти бор.

Шунингдек, камбағал оилалардаги пенсия ёшидаги ва ногиронлиги бўлган 526 нафар инсонга ижтимоий ёрдамни кучайтириш орқали парвариш билан банд оила аъзоларига даромадли меҳнат билан шуғулланиш учун имконият яратиш мумкинлиги таъкидланди.

Хоразм мисолидаги таҳлиллар барча вилоятларга тааллуқли экани қайд этилиб, камбағаллик билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди. 

Мазкур тизимга мувофиқ, «маҳалла еттилиги» учун масъул раҳбарлар, вилоят ва туман ҳокимлари ҳамда банклар кучайтирилган иш режимига ўтади. 

Teglar

Mavzuga oid

Энди ҳокимлар ҳафтада уч кун фақат камбағаллик ва бандлик масалалари билан шуғулланади | Vaqt.uz