
Энг кўп «Халқ банки»да: Ўзбекистонда банк карталари 68 миллионтадан ошди
Банк карталари сони 2025 йилда 10,1 фоизга ёки 6,3 млн донага кўпайди. Карталар сони бўйича давлат банклари етакчилигича қолмоқда.

2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, ўзбекистонликларга тегишли банк карталари сони 68 млн 267 минг донага етди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида маълум қилинди.
Йил давомида аҳоли қўлидаги банк карталари сони 10,1 фоизга ёки 6,3 млн донага ўсди. Бунда банк карталарига эга TOP-10 банклар рўйхати қуйидагича:
Халқ банки — 10,8 млн дона
Агробанк — 6,6 млн дона
Ипотека-банк — 5,4 млн дона
Uzum bank — 5,1 млн дона
Миллий банк — 4,3 млн дона
TBC Bank — 4,2 млн дона
Ҳамкорбанк — 3,8 млн дона
Ипак йўли банк — 3,6 млн дона
Анорбанк — 3,6 млн дона
SQB — 2,9 млн дона
Ўтган йил давомида етакчи бўлишига қарамай, «Халқ банки»да карталар сони 1,6 млн донага камайган. «Агробанк»да эса аксинча, банк карталари сони 1,5 млн донага кўпайган.
«TBC Bank» карталарига эга ўзбекистонликлар сони ҳам 1,4 млн нафарга камайиб, энг катта пасайишлардан бири қайд этилган.
Йил давомида банк карталари сони ўзгаришига 2025 йилда карталарга эгалик қилиш бўйича киритилган ўзгаришлар сабаб бўлди.
Бундан бир йил аввал банклар томонидан битта жисмоний шахсга (битта ЖШШИРга) карталар сонини битта банкда 5 тагача, барча банкларда эса 20 тагача эмиссия қилиш бўйича чекловлар киритилган эди.
Бу эса айрим ўзбекистонликларда узоқ вақт давомида ишлатилмаган ёки кам фойдаланиладиган банк карталарини ёпиш эҳтиёжини юзага келтирди.
Шунингдек, 2025 йилда ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сони 40 мингтадан ошди. Тўлов терминаллари сони эса 430 минг донани ташкил қилди.
Бундан ташқари, 2025 йил сўнгига келиб масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони 82,9 млн нафардан ошди. Бу кўрсаткич 2024 йилда 52,9 млн нафарни ташкил этган эди.





