Энг юқори маошли соҳалар маълум қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси очилишида энг юқори маошли тоғ-кон саноати соҳасида экани маълум қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида иштирок этмоқда. Қиймати 2 миллиард 700 миллион долларлик мазкур йирик лойиҳа мамлакат саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган замонавий индустриал мажмуа сифатида баҳоланмоқда. Шунингдек, конларни инвесторларга бериш бўйича яратилган шаффоф механизмлар орқали тўққиз йил давомида тармоққа 10 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармоя киритилди.
Аввал қимматбаҳо ва рангли металларни қазиб олиш билан фақат икки йирик саноат комбинати шуғулланган бўлса, ҳозирги кунда соҳада 65 та хусусий корхона фаолият юритмоқда. Бу эса рақобат муҳитини кучайтириб, янги технологиялар ва самарали бошқарув амалиётларининг жорий этилишига хизмат қилмоқда.
Олтин ишлаб чиқариш
Олтин ишлаб чиқариш ҳажми ҳам сезиларли ўсишни кўрсатди. Мустақилликнинг дастлабки 25 йилида мамлакатда олтин қазиб олиш 63 тоннадан 87 тоннагача, яъни 24 тоннага ошган эди. Кейинги тўққиз йилда эса бу кўрсаткич яна 31 тоннага кўпайиб, ўтган йил якунига кўра 118,4 тоннага етди.
Бундан ташқари, 2016 йилдан буён бошқа стратегик металлар ишлаб чиқариш ҳам жадал ўсди. Жумладан, кумуш ишлаб чиқариш 1,6 баробарга, уран 2,1 баробарга, мис эса 1,4 баробарга ошди. Ушбу ўсишлар натижасида тоғ-кон саноатида умумий ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 баробарга кўпайиб, ўтган йили 270 триллион сўмга етди.
Энг юқори маошлар
Президентнинг таъкидлашича, соҳадаги корхоналар юқори даромадли иш ўринлари билан ҳам ажралиб туради. Айни пайтда экскаватор машинистлари ойига 30 миллион сўмгача, бурғилаш мутахассислари ва катта самосвал ҳайдовчилари 40 миллион сўмгача, геолог ва маркшейдерлар эса 70 миллион сўмгача маош олиши қайд этилмоқда.





