
Эрдўғаннинг сиёсий рақиби Имомўғлига жосуслик айби қўйилди
Истанбулнинг собиқ ҳокими, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Акрам Имомўғлига қарши янги «сиёсий жосуслик» иши очилди.

У коррупция ва ҳақорат айбловлари билан қамоқда сақланмоқда, таҳлилчилар бу ҳолатни сиёсий босим деб баҳоламоқда.
Туркияда Истанбул шаҳар ҳокими лавозимидан четлатилган ва март ойидан бери қамоқда сақланаётган Экрем Имомўғлига нисбатан янги жиноят иши очилди. Унга нисбатан бу гал «сиёсий жосуслик» айби илгари сурилгани маълум қилинди.
Акрам Имомўғли — мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг энг катта сиёсий рақиби ва мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (CHP)нинг етакчи намояндаларидан бири ҳисобланади. У келгуси президентлик сайловларида мухолифат номзоди сифатида кўрилган эди.
Имомўғли коррупцияга оид айбловлар билан март ойидан буён қамоқда. Шунингдек, июл ойида у Истанбул бош прокурорини ҳақорат қилганликда айбланиб, жазо муддатига қўшимча қўшилган эди.
Туркияда навбатдаги президентлик сайловлари 2028 йил май ойида ўтказилиши кутилмоқда. Амалдаги конституцияга кўра, Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг муддати тугаган ва у расман қайта сайловда иштирок эта олмайди.
Бироқ, таҳлилчилар фикрича, Эрдўған ўз номзодини яна илгари суриш учун конституцияни ўзгартириш ёки фавқулодда сайлов чақириш йўлларини излаши мумкин. Бу ҳолат Туркияда сиёсий рақобат яна кескинлашганини кўрсатмоқда.





