Эркаклар аёлларга қараганда кредит тўлашда маъсулиятсизроқ — Марказий банк
Марказий банк тадқиқоти эркаклар кредит тўловларини аёлларга қараганда тез-тез кечиктиришини кўрсатди. Баъзи ёш тоифаларида гендер тафовути анча юқори.

Марказий банк Кредитларни қайтаришни кечиктиришнинг хулқ-атвор ва иқтисодий омиллари ҳақида тадқиқот ўтказди.
Таҳлилллар кредит тўловларини кечиктириш даражаси — кечиккан кредитлар сонининг жами кредитлар сонига нисбати ёш ва жинс кесимида анча фарқ қилишини кўрсатмоқда.
30 ёшгача бўлган ўзбекистонликлар кредит тўловларини катта ёшли аҳолига нисбатан кўпроқ кечиктиради. 30 ёшдан бошлаб тўловларни кечиктириш даражаси пасайиб боради.

Гендер фарқлар барча ёш тоифаларида сақланиб қолади: эркаклар аёлларга нисбатан юқорироқ кечиктириш даражасини намоён этади.
Айниқса 30 ёшгача бўлган тоифада тафовут 8-11 фоиз бандгача етади. 60 ёшдан кейин эса эркаклар ва аёллар кўрсаткичлари деярли тенглашиб, 12,5-13,1 фоиз атрофида шаклланади.
Даромадлар эркакларда анча юқори
Кредит олган жисмоний шахсларнинг даромадлар ва ёш бўйича таҳлили даромадлар эркакларда маълум ёшгача ўсиб бориши, аёлларда эса 55 ёшгача деярли ўзгаришсиз қолишини кўрсатмоқда.

Эркакларда даромаднинг ўртача энг юқори қиймати 30-40 ёш оралиғида шаклланган. Шу билан бирга, иккала жинс вакилларида ҳам 55 ёшдан кейин даромадларнинг сезиларли пасайиши кузатилган. Бу шу ёшдан бошлаб аҳолининг иқтисодий фаоллиги камайиши билан изоҳланади.
Марказий банк таҳлиллари кредит олган эркаклар ва аёллар даромадлари орасидаги фарқ 65-70 фоизгача етишини кўрсатмоқда. Бу фарқ пенсия ёшидан кейин қисқариши кузатилган.
Кредит муддати ошган сари эркаклар тўловни кечиктирмоқда
Аҳоли орасида кредит муддати узайган сари кечиктиришлар ҳолати ҳам ошиб боради. Бу кўрсаткич 6-12 ой сегментида 13,7 фоизга, 12-24 ой сегментида эса 18,6 фоизга етади.

Кредитлар бўйича тўловларни кечиктиришнинг энг юқори даражаси 24-36 ой сегментида қайд этилган — 19,8 фоиз, бу эса ўрта муддатли кредитлар риск даражаси энг юқори эканини кўрсатади.
Кредит муддати узоқроқ бўлган ҳолларда кечиктириш ҳолатлари пасайиши кузатилган: 36-60 ойлик сегментда — 18,9 фоиз, 60 ойдан ортиқ кредитларда эса — 11,3 фоиз.
Гендер кесимидаги таҳлилларга кўра, барча кредит муддатлари бўйича эркак қарз олувчиларда кечиктирилган қарзлар улуши аёл қарз олувчиларга нисбатан юқорироқ.
Айниқса, 60 ойдан ортиқ муддатга ажратилган узоқ муддатли кредитлар сегментида фарқ сезиларли бўлиб, эркакларда ушбу кўрсаткич 13,3 фоизни, аёлларда эса 8,9 фоизни ташкил этган.





