Эркинжон Турдимов: «Кредит олсангиз, кўчада қолишга тайёр бўлинг»
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов томорқасига сув чиқариш учун кредит сўраган фуқарони қарз олишдан қайтариб, муаммо ҳокимлик кўмагида ҳал этилишини маълум қилди.
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов аҳоли қабули давомида томорқа ерига сув чиқариш учун 120 миллион сўм кредит олишда ёрдам сўраган фуқаро мурожаатига муносабат билдирди. Ҳоким кредит маблағини расмийлаштириш ўрнига муаммони маҳаллий ҳокимлик кўмагида ҳал қилиш таклифини берди.
Унинг таъкидлашича, кредит маблағлари фоизлари билан бирга қайтарилиши керак бўлади ва бу айрим ҳолатларда қарздор учун қўшимча молиявий юкни юзага келтиради. Шу сабабли у фуқарони кредит олиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.
«Кўчада қолишга тайёрман, десангиз, банкка боринг. Бўлмаса, кредитга мурожаат қилманг. Ҳозирги масалангиз бўйича томорқангизга сув чиқариб беришга кўмак берилади», - дейди Турдимов.





