Эрон 11-сентабр воқеалари такрорланишидан огоҳлантирди
Али Лорижонийнинг айтишича, Эпштейн тармоғининг қолган аъзолари 11-сентабрга ўхшаш ҳодисани уюштирмоқчи.

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Лорижоний 11-сентабр воқеаларига ўхшаш ҳодиса уюштирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Унинг таъкидлашича, бундай провокация орқали жавобгарликни Эрон зиммасига юклаш режаси муҳокама қилинаётган бўлиши мумкин.
Лорижоний 15-март куни «X» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида бу ҳақда баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, айрим гуруҳлар 2001-йил 11-сентабрдаги ҳужумларга ўхшаш ҳодисани ташкил этишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
«Мен Эпштейн тармоғининг қолган аъзолари 11-сентабрга ўхшаш ҳодисани уюштириш ва унда Эронни айблаш мақсадида тил бириктирганини эшитдим», — деб ёзди Лорижоний.
Ҳарбий вазият
Бу баёнот АҚШнинг Эронга қарши қуруқликдаги ҳарбий амалиёт бошлаши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалаётган бир пайтда янгради.
Демократ сенатор Ричард Блюментал Сенатда «Эпик ғазаб» операцияси бўйича ўтказилган ёпиқ брифингдан сўнг Вашингтон айнан шу йўналишда ҳаракат қилаётганини айтган эди.
Сўровномаларга кўра, америкаликларнинг тахминан 75 фоизи Эронга қарши қуруқликдаги босқинга қарши. Шу сабабли, айрим таҳлилчилар фикрича, АҚШ маъмурияти бундай қарор қабул қилиш учун жиддий сабаб ёки баҳонага муҳтож бўлиши мумкин.
Теҳроннинг позицияси
Эрон расмийлари мамлакат террорчилик ҳаракатларига алоқадор эмаслигини таъкидламоқда. Лорижонийнинг айтишича, Теҳрон «Америка халқи билан уруш олиб бормаяпти».
Шу билан бирга, у мамлакат ўз-ўзини ҳимоя қилиш тартибида ҳаракат қилаётгани ва АҚШ ҳамда Исроилнинг ҳужумларига «қатъий ва шиддатли» жавоб қайтаришини эслатиб ўтди.
АҚШ ва Исроил Эронга қарши операцияни 28-феврал куни бошлаган эди. Ўша куннинг ўзидаёқ олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилди. Бир қатор юқори мартабали мулозимлар йўқ қилинганига қарамай, коалиция Эрон давлатчилигини ағдаришга муваффақ бўлмади.





