
Эронда сенсация: Пизишкиён оятуллоҳ Хоминаийнинг «томорқасига тош отди»
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён илк бор очиқ чиқишларида мамлакат инқирози ташқи эмас, ички муаммолар оқибати эканини тан олиб, амалдаги тизимни савол остига қўйди.

Эронда одатий сиёсий баёнотлар доирасидан чиқиб кетган чиқишлар янгради. Президент Масъуд Пизишкиён ўзининг бир қатор оммавий нутқлари ва ёпиқ учрашувларида мамлакатдаги вазиятни баҳолар экан, деярли очиқ тарзда президент институтининг чекланган имкониятларини тан олди. Бу баёнотлар Эрон сиёсий тизимида жуда кам учрайдиган ҳолат сифатида баҳоланмоқда.
Пизишкиён мамлакатдаги оғир иқтисодий ва ижтимоий аҳволни яширмади. У «мўъжиза қила олмаслиги»ни, Эрон инқирозга кириб қолганини ва ундан чиқиш учун ғоялар деярли қолмаганини айтди. Президент ўз фаолиятининг илк йилини «даҳшатли» деб атаб, бу орқали амалий натижаларга эриша олмаганини очиқ эътироф этди.
Энг диққатга сазовор жиҳат шундаки, Пизишкиён анъанавий расмий Теҳрон риторикасидан воз кечди. У мамлакатдаги барча муаммоларни АҚШ, Исроил ёки Ғарб санкциялари билан боғлашдан тийилди. Аксинча, инқироз сабабини ички омиллар — коррупция, элиталар ўртасидаги кураш, масъулиятсиз иқтисодий қарорлар ва йиллар давомида йўл қўйилган бошқарув хатолари билан изоҳлади.
Президент томонидан бир неча бор такрорланган «муаммо ўзимизда» деган фикр Эрон Ислом Республикасида шаклланган мафкуравий тизимга нисбатан жиддий чақириқ сифатида қабул қилинмоқда. Бу баёнотлар амалда барча жавобгарлик ташқи душманларга юклаб келинган сиёсий моделни савол остига қўяди.
Кузатувчиларга кўра, Пизишкиённинг бу чиқишлари икки хил оқибатга олиб келиши мумкин: ёки у ислоҳотлар учун жамоатчиликни тайёрламоқда, ёки президент институтининг ҳақиқий ваколатлари қанчалик чекланганини ошкора намоён қилмоқда. Ҳар икки ҳолатда ҳам, Эрон сиёсатида янги ва хавфли сигнал пайдо бўлди.





