Эроннинг янги олий раҳнамоси Мўжтабо Хоманаий яраланди

10.03.2026 | 14:553 daqiqa

Эрон ОАВ отаси оятуллоҳ Али Хоманаий вафотидан сўнг раҳбарликка сайланганига ҳали кўп бўлмаган Мўжтабо АҚШ ва Исроил билан давом этаётган урушда жароҳат олганини хабар қилди.

Эроннинг янги олий раҳнамоси Мўжтабо Хоманаий яраланди

Эрон давлат телеканаллари ҳозирча ҳужум тафсилотларини очиқламаётган бўлса-да, Мўжтаба Хоманаийни расман «Жанбаз» (жанг майдонида яраланган фахрий) деб атай бошлади. Эронда «Жанбаз» унвони фақат бевосита ҳарбий тўқнашувларда тан жароҳати олган шахсларга нисбатан ишлатилади.

Ҳужум қандай юз берди?

Халқаро нашрларнинг ёзишича, Мўжтаба Хоманаий «Рамазон уруши» деб аталаётган кенг кўламли ҳарбий операциялар давомида Исроил авиациясининг нишонига айланган. Маълумотларга кўра, зарба янги лидер бўлган ҳудуддаги стратегик нуқтага берилган. Эслатиб ўтамиз, унинг отаси Али Хоманаий ҳам АҚШ ва Исроилнинг биргаликдаги илк ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган эди.

Исроил разведка хизматлари ўтказилган операциядан сўнг Мўжтаба Хоманаийнинг тирик қолганига ишонч билдирмоқда. Бироқ, унинг жисмоний ҳолати ва давлатни бошқариш қобилияти қайси даражада эканлиги ҳозирча номаълум. Теҳрон эса ўз раҳбарининг саломатлиги борасидаги ҳар қандай маълумотни қатъий сир тутмоқда, бу эса турли тахминларнинг урчишига сабаб бўлмоқда.

Эроннинг янги раҳбарига қилинган ҳужум Теҳрон томонидан «қизил чизиқ»нинг кесиб ўтилиши сифатида баҳоланиши мумкин. Дунё ҳамжамияти ҳозирда Эроннинг эҳтимолий жавоб қайтариш чораларини ва Исроилнинг кейинги стратегиясини диққат билан кузатмоқда.

Мўжтабо ким?

У 1969-йил 8-сентябрда Машҳадда туғилган. Можтаба 1987-йилда ўрта мактабни тамомлагач, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси билан боғлиқ бўлган «Ҳабиб» ихтиёрий батальони сафига қўшилди ва якунланиш арафасида бўлган Эрон–Ироқ урушида жангларда иштирок этди. Бу бўлинмада хизмат қилиш Можтаба Ҳоманаийга Эрон хавфсизлик тизими ичида алоқалар ўрнатишга ёрдам берди — унинг кўплаб сафдошлари кейинчалик Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ва бошқа тузилмаларда юқори лавозимларни эгаллади.

1989-йил ёзида Эроннинг биринчи олий раҳбари Руҳолло Ҳумайний вафот этди ва кўп ўтмай Али Ҳоманаий унинг вориси этиб сайланди. Мўжтабо эса 1990-йилларда Қумдаги семинарияда шиаларнинг энг таниқли консерватив уламоларидан таълим олди. Кейинчалик у ҳам семинарияда дарс бера бошлади

Эрон мухолифати Ҳоманаийни Ислом республикасидаги энг таъсирли сиёсий шахслардан бири деб атайди, гарчи у кўзга кўринган лавозимларда ишламаган ва кенг жамоатчиликка унчалик таниш бўлмаган бўлса ҳам. Можтаба отасининг канцеляриясини бошқарган ва бошқалар учун у билан муносабатларда воситачи вазифасини бажарган.

2019-йилда АҚШ ҳукумати унга қарши санкциялар жорий этган ва Али Ҳоманаий ўз раҳбарлик ваколатларининг бир қисмини ўғлига топширганини билдирган.

2004-йилда Можтаба Ҳоманаий Захра Ҳаддад-Аделга уйланган — у Эрон парламентининг собиқ раиси ва таниқли консерватив сиёсатчи Ғулам-Али Ҳаддад-Аделнинг қизидир. У ҳам марҳум оятуллоҳ Али Хоманаий каби 2026 йил 28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга берган зарбалари пайтида ҳалок бўлган. ОАВ хабарларига кўра, уларнинг никоҳидан уч нафар фарзанд туғилган, аммо улар ҳақида батафсил маълумотлар йўқ.

Эрон давлат телевидениеси Мўжтабо Хоманаий инглиз тилини билишини ва психология ҳамда психоанализ бўйича ихтисослашган курсларни тамомлаганини маълум қилди. Эфирда у замонавий технологиялар, ҳарбий фанлар ва хавфсизлик ишларини ҳам ўргангани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, 8-март куни Олий раҳбарини танлаш ваколатига эга бўлган 88 аъзодан иборат Экспертлар кенгаши марҳум раҳбарнинг ўғли Мўжтабо Хоманаийни отасининг вориси деб эълон қилганди.

Teglar

Mavzuga oid