Logo

Фарғона вилоятининг Сўх туманига мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилади

Bugun 13:252 daqiqa

Бунинг учун 13 гектар қўшимча ер ажратилиб, тумандаги учиш-қўниш майдони ва йўлаги кенгайтирилади.

Фарғона вилоятининг Сўх туманига мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилади © Farg'ona viloyati hokimligi

Фарғона вилоятининг Сўх туманида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилади. Бу Президентнинг «Сўх туманини 2026–2028 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд захира ва имкониятларни ишга солиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишича, қарор доирасида 1,5 триллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, 162 та инвестиция ва ижтимоий лойиҳа амалга оширилади. Шунингдек, 2026–2028 йилларда умумий қиймати 80 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экспорт ҳажмини 15 миллион долларга етказиш, туристлар оқимини 1,4 баробарга ошириш ҳамда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида барқарор ўсишни таъминлаш режалаштирилган.

Транспорт имкониятлари кенгаяди

Қарорнинг муҳим йўналишларидан бири анклав ҳудуд ҳисобланган Сўхнинг транспорт алоқаларини яхшилашга қаратилган.

Мунтазам авиақатновлар «Cessna-208 Caravan» ва «L-410» туридаги ҳаво кемалари орқали амалга оширилади.

Бунинг учун 13 гектар қўшимча ер ажратилиб, тумандаги учиш-қўниш майдони ва йўлаги кенгайтирилади.

Шу билан бирга, талаб юқори бўлган янги авиайўналишлар ташкил этилади. Тумандан бошқа шаҳар ва туманларга мунтазам жамоат транспорти қатновлари ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Туризмга катта сармоя

Сўхда туризм иқтисодиётнинг асосий ўсиш нуқталаридан бирига айлантирилади. Сўх дарёсининг марказга туташ беш километрлик соҳилида, «Сариканда», «Ровон» ва «Шарқобод» маҳаллалари ҳудудида 176 гектар майдонда 720 миллиард сўмлик инвестициялар ҳисобидан замонавий курорт-соғломлаштириш мажмуаси барпо этилади.

Бундан ташқари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва йўл-транспорт инфратузилмаси модернизация қилинади. Чегара ўтказиш пунктларида рўйхатга олиш дарчалари сони икки бараварга оширилиши ҳам аҳолининг ҳаракатланишини тезлаштириш ва қулайлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid