Фермерлар зарар кўрмаслиги учун даладаги 325 минг тонна картошка захирага олинади
Картошка нархи тушиб кетгани учун энди маҳсулотни фермерлардан давлатнинг ўзи сотиб олади.

Жойларда интервенция тизими тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида пишиқчилик пайтида далада картошка нархи тушиб кетган. Оқибатда 325 минг тонна картошка фермерлар томонидан сотилмай турибди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Давлат раҳбари картошкани фермерлар фойда кўрадиган нархда захирага олиб, тақчиллик пайтида бозорга чиқариш орқали нархни барқарор ушлаш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда мева-сабзавотларни сақлаш инфратузилмаси ҳолати ҳам танқидий кўриб чиқилди.
Йилнинг ярми ўтган бўлса-да, Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида мева-сабзавотни сақлайдиган бирорта ҳам совиткичли омбор ишга туширилмагани қайд этилди. Мутасаддиларга йил якунигача 87 минг тонна қувватга эга 340 та совиткичли омборни ишга тушириш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, ҳокимлар жорий йилда озиқ-овқат жамғармаларини 2,5 баробар кўпайтириб, 500 миллиард сўмга етказиши кераклиги, бироқ айрим ҳудудлардан ташқари бирорта ҳоким жамғармага маблағ ўтказмагани танқид қилинди.
Бош вазир ўринбосарига уч кун муддатда график тасдиқлаб, ҳокимларга озиқ-овқат жамғармаларига ойма-ой қанча маблағ туширишини белгилаб бериш топширилди.





