Фурқат тумани ИИБ собиқ бошлиқларига оид суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди

Улар 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Фурқат тумани ИИБ собиқ бошлиқларига оид суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди

Фурқат туман ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Андижон вилояти суди кассация инстанциясида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Андижон вилояти судлари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, кассация инстанцияси ажрими билан Акмал Хўжаев ва Жасур Расуловга нисбатан чиқарилган дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Хабарга кўра, суд қарорлари устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда тафтиш инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.

Акмал Хўжаев ва Жасур Расулов иши

Жиноят ишлари бўйича Қува туман судининг 2025 йил 28 ноябрдаги ҳукми билан 1986 йилда туғилган, Фурқат тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган Акмал Хўжаев ва 1991 йилда туғилган, Фурқат тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Жасур Расулов Жиноят кодексининг 141-3-моддаси 2-қисми “б” банди, 142-моддаси, 206-моддаси 1-қисми, 230-2-моддаси 1-қисми ва 234-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Акмал Хўжаев ва Жасур Расуловнинг ҳар бирига 3 йил муддатга Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳамда давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тайинланган жазони манзил-колонияларида ўтаттирилиши белгиланган.

Қосимова иши

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида мактаб директори бўлиб ишлаган Гулираъно Қосимова ўзига нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан зўравонлик ва таҳқирлаш ҳолатлари содир этилганиниайтганди. Унинг айтишича, туман ИИБ тезкор ходимлари уни ва солиқ инспекцияси бошлиғини «жиноят саҳнаси» сифатида саҳналаштирилган операцияга жалб этиб, урган, ечинтирган ва ёлғон айбловлар остида босим ўтказган. Аёл уларнинг айтганини қилмагани ва солиқ инспекцияси бошлиғига туҳмат қилиш таклифини рад этгани учун видеога олиниб, кейинроқ таҳдид ва шантажга учраган.

Teglar

Mavzuga oid