Георгий Паресишвили фонд биржаси раҳбарлигини тарк этди

09.09.2025 | 13:453 daqiqa

Георгий Паресишвили меҳнат шартномаси тугагани сабабли «Тошкент» Республикага фонд биржаси бошқаруви раиси лавозимидан расман кетгани маълум қилинди.

Георгий Паресишвили фонд биржаси раҳбарлигини тарк этди
2022 йил сентябридан буён «Тошкент» Республикага фонд биржасига раҳбарлик қилиб келган Георгий Отарович Паресишвили ишини якунлади. Биржа ахборотига кўра, унинг меҳнат шартномаси муддати тугаган ва у ўз лавозимини тарк этган. Паресишвили уч йиллик фаолияти давомида Ўзбекистон фонд бозори инфратузилмасини модернизация қилишда муҳим ташаббусларга бош бўлган. Жумладан, биржа савдо платформасида API тизимлари жорий этилди, замонавий рақамли хизматлар ишлаб чиқилди. Бу эса брокерлик ҳисобларини онлайн очиш, мобил иловалар орқали савдо қилиш ва халқаро стандартлар даражасида реал вақтда бозор маълумотларини олиш имкониятини яратди. Бошқарув кенгаши қарорига кўра, вақтинча бошқарув раиси вазифаси Файзулла Муротович Тошовга юклатилди. У ўз меҳнат фаолиятини 2001–2005-йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк»да бошлаган. Кейинчалик Марказий депозитарийда турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган, сўнгги йилларда эса ҳисоб-китоб ва тўлов операциялари бошқармасини бошқариб келаётган эди. Фонд биржасидаги бу раҳбарлик алмашинуви ташкилот фаолиятида янги босқични бошлаб бериши мумкин. Хусусан, бозор инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш йўналишларида ислоҳотлар кутилаяпти.

Teglar

Mavzuga oid