Германия автомобил саноати қурол ишлаб чиқаришга оммавий ўтмоқда

Bugun 19:152 daqiqa

Германия Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг узоқ иқтисодий турғунлик ва Хитой билан рақобат фонида фойдаси тушиб бораётган ўз автомобил заводларини ҳарбий релсларга ўтказишни бошлади.

Германия автомобил саноати қурол ишлаб чиқаришга оммавий ўтмоқда

Германия иқтисодиётининг асоси бўлган автомобилсозлик соҳасида жиддий пасайиш кузатилмоқда. «The Wall Street Journal» маълумотларига кўра, саноат сектори ҳар ойда 15 мингга яқин иш ўрнини йўқотмоқда. 2025-йил якунларига кўра, «Mercedes-Benz» фойдаси 49 фоизга, «Volkswagen» эса 44 фоизга камайган. Ҳатто «Porsche» компаниясининг операцион фойдаси 2024-йилга нисбатан 98 фоизга тушиб кетган. Ушбу инқироз ҳукуматни иқтисодий моделни тубдан ўзгартиришга ва мамлакатни Европа мудофаа саноатининг марказига айлантиришга ундамоқда.

Ҳозир Германия мудофаа эҳтиёжлари учун қарийб 1 трлн евро маблағ йўналтирилишини таъминлади. Европа венчур капиталининг 90 фоизи айнан Германия ҳарбий-технологик стартапларига тушмоқда. Бундай молиявий оқим автомобил заводларига ишлаб чиқариш линияларини қайта жиҳозлаш ва ишчиларни қисқартириш ўрнига уларни янги лойиҳаларга жалб қилиш имконини бермоқда.

Масалан, «Schaeffler» компанияси дрон двигателлари ва ҳарбий авиация деталларини ишлаб чиқарувчи алоҳида бўлинма ташкил этди. «Volkswagen» эса Исроил корхоналари билан «Iron Dome» (Темир гумбаз) тизими учун компонентлар етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда. «Patriot» ракета тизимлари учун зарур бўлган қисмларни ишлаб чиқариш ҳам немис заводларининг асосий вазифасига айланмоқда.

Тезкор кенгайиш ва юқори самарадорлик

Анъанавий мудофаа компанияларидан фарқли ўлароқ, автомобилсозлик корхоналари ишлаб чиқаришни анча тезроқ кенгайтириш қобилиятига эга. «Deutz» компанияси раҳбари Себастян К. Шултенинг таъкидлашича, қаттиқ рақобат муҳитида чиниққан автомобил заводлари янги маҳсулотларни ўзлаштиришда юқори суръат кўрсатмоқда. «Deutz» аллақачон «Patriot» тизимлари ва бронемашиналар учун генератор двигателлари етказиб беришни йўлга қўйди ва даромадини 15 фоизга оширди.

Давлат томонидан молиялаштириладиган махсус платформа (BDSV) анъанавий ҳарбий пудратчиларни бошқа соҳа ишлаб чиқарувчилари билан бирлаштирмоқда. Бу таъминот занжиридаги юкламани камайтириш ва Украина учун зарур бўлган қурол-яроғларни узлуксиз етказиб бериш имконини беради. Кўплаб корхоналар ҳозирда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун уч сменали иш тартибига ўтган.

Иқтисодий тикланишнинг ҳарбий омили

Мудофаа саноатидаги бум макроиқтисодий даражада ижобий натижалар бермоқда. Таҳлилларга кўра, Европа НАТО давлатларининг мудофаа харажатларини ЯИМнинг 3,5 фоизигача ошириши Германияга йилига 32 млрд евро инвестиция олиб келади. Бу эса саноатда 360 мингта янги иш ўрни яратилишига ва 2029-йилгача мамлакат ЯИМнинг қўшимча 0,7 фоизга ўсишига хизмат қилади.

Германиянинг «Rheinmetall» концерни аллақачон рекорд даражадаги кўрсаткичларни қайд этмоқда. 2025-йилда сотувлар ҳажми 29 фоизга ошиб, 10 млрд еврога етди, буюртмалар портфели эса 63 млрд евродан ошди. Бундай ўсиш компанияга 8 мингдан ортиқ янги ходимларни ишга олиш имконини берди ва мамлакат иқтисодий турғунлигига қарши асосий восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid