Гўшт импортига субсидия жорий этилди
Ўзбекистонда гўшт импорти ва қорамол олиб кириш учун субсидиялар жорий қилиниб, нарх барқарорлигига таъсир кутилмоқда.

«Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, тадбиркорларга мол ва қўй гўштини импорт қилишда давлат томонидан вақтинчалик субсидиялар ажратилади. Мазкур чора гўшт маҳсулотлари бозорида нархларни барқарорлаштиришга қаратилган.
Ҳаво транспорти харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан 1 августгача тадбиркорларга мол ва қўй гўштини ҳаво транспорти орқали олиб кириш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади. Бироқ бу миқдор ҳар бир килограмм маҳсулот учун 0,8 АҚШ долларидан ошмаслиги белгиланган. Бу имтиёз тадбиркорлар учун логистика харажатларини сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар хориждан олиб кириладиган наслдор қорамол учун ҳам субсидия ажратилади. Унга кўра, қорамол қийматининг 10 фоизи давлат томонидан қопланади, аммо ҳар бир бош учун 4 миллион сўмдан ошмаслиги шарт қилиб белгиланган. Бу эса чорвачиликни ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кучайтиришга хизмат қилади.
Мазкур қарорга мувофиқ субсидиялар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан молиялаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, март ойида гўшт нархлари сезиларли қимматлади. Vaqt.uz бозордаги реал нархлар ва гўшт маҳсулотлари қимматлаши ортидаги омилларни ўрганган.





