Ҳилола Умарова университетга ректор этиб тайинланди
Президент администрациясидаги ишидан олинган Ҳилола Умарова Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари ва университетга ректор бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан Ҳилола Ўктамовна Умарова Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори лавозимига тайинланди. У бир вақтнинг ўзида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритади.
Ҳилола Умарова Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Жумладан, 2019 йилда Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида бош менежер бўлган. 2020 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб директори этиб тайинланган. Шу йилнинг ўзида Президент таълим муассасалари агентлиги директори лавозимига ўтиб, 2022 йилгача ушбу вазифани бажарган.
2023–2025 йилларда у Мактабгача ва мактаб таълими вазири сифатида иш юритган. 2025 йил июл ойида эса Президент администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиб, шу муносабат билан вазирлик лавозимидан озод этилган эди.





