add

Ҳоким ўринбосарлари ободонлаштириш бошқармаларига раҳбар бўлади

2026 йилдан Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари ободонлаштириш бошқармаларига раҳбарлик қилади, маҳаллий ҳокимиятларнинг молиявий ва ташкилий ваколатларини кенгайтириб, ободонлаштириш ишларини ягона бошқарувга ўтказади.

Ҳоким ўринбосарлари ободонлаштириш бошқармаларига раҳбар бўлади

Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларнинг молиявий мустақиллигини оширишга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда. Энг муҳим ўзгаришлардан бири ободонлаштириш тизимида бошқарувни қайта ташкил этиш билан боғлиқ.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб туман ва шаҳар ҳокимларининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида ободонлаштириш бошқармалари раҳбари ҳисобланади. Бу орқали соҳада қарор қабул қилиш тезлаштирилиши ва масъулият аниқ белгиланиши кўзда тутилган.

Ҳужжатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари учун қатор аниқ вазифалар белгиланган. Жумладан:

2026-йил 1-мартга қадар ободонлаштириш бошқармаларига камида 0,5 га ер майдонларини ажратган ҳолда иссиқхоналар ташкил этиш;

Келаси йил 1-апрелдан шаҳар ободонлаштириш бошқармаларига бириктирилган ҳудудларга улар томонидан етиштирилган мавсумий гул кўчатлари экиш чораларини кўриш;

2027-йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларидаги ободонлаштириш бошқармаларида жорий этиш;

Бир ой муддатда бошқармаларга бириктирилган ҳудудлардаги автотураргоҳларни тўлиқ хатловдан ўтказиш;

2026-йил 1-апрелга қадар барча автотураргоҳларга автомототранспорт воситаларининг кириш-чиқишини назорат қилувчи автоматлаштирилган тизим ўрнатиш назарда тутилган.

Молиявий жиҳатдан эса, 2026 йил 1 январдан маҳаллий ҳокимиятлар ҳузуридаги жамғармалар ва маҳаллий бюджетларга бўш маблағларни аукцион орқали банк депозитларига жойлаштириб, қўшимча даромад олишга рухсат берилади. Шу билан бирга, туман ва шаҳар бюджетлари харажатларини қисқартириш тақиқланади.

Teglar

Mavzuga oid